"Республика бўйича аҳолининг табиий газдан ярим трлн сўмлик қарзи бор" — "Ҳудудгазтаъминот

"Ҳудудгазтаъминот" АЖ Матбуот хизматининг хабарига кўра, замонавий электрон газ ҳисоблаш ускунаси ҳали ўрнатилмаган 1,5 млн истеъмолчилар сарфланган газ учун эски намунадаги газ ҳисоблагичларининг кўрсаткичлари бўйича тўлов қилишни давом эттирмоқда. Лекин, ушбу истеъмолчиларда янги ҳисобдонлар ўрнатилгунга қадар ўз хонадонларидан чиқмай туриб истеъмол қилинган ёқилғига тўлов қилиш учун махсус Telegram-бот ҳам яратилган.

Қайд этилишича, газ таъминоти филиаллари ва бўлимлари томонидан доимий равишда берилаётган билдиришлар ва шартномавий мажбуриятларга қарамасдан, айрим истеъмолчилар етказиб берилган табиий газ учун ҳар ойнинг 10 санасига қадар тўловларни амалга оширмаяпти.

Натижада эса, истеъмолчилар томонидан катта қарздорлик юзага келмоқда ва қарзга нисбатан вақтида тўлов қилинмаганлиги сабабли пеня ҳисобланмоқда.

Берилган маълумотга кўра, бугунги кунга келиб 1,2 миллиондан ортиқ истеъмолчининг табиий газ учун 501,6 миллиард сўм миқдордаги дебиторлик қарздорлиги мавжуд. 

"Тез орада бутун мамлакатимиз бўйлаб "ақлли ҳисоблагичлар"ни ўрнатиш ишлари якунланади. Янги ҳисобдонлар ишга тушгач истеъмолчига барибир қарздорлигини қоплашга тўғри келади. Бундан ташқари, асосий қарздорликни бартараф этиш билан бирга унга нисбатан ҳисобланган пеняни ҳам тўлаш талаб қилинади. Акс ҳолда истемолчи газ таъминоти тизимидан автоматик равишда узиб қўйилади", - дея огоҳлантирилади хабарда.