Исроил фақат бир неча йил ичида Европага газ етказиб беришни сезиларли даражада ошириши мумкин. Бу ҳақда Мисрда бўлиб ўтган COP27 иқлим саммити чоғида мамлакат энергетика вазирлиги бош директори Лиор Шиллат маълум қилди, деб хабар бермоқда Reuters.
"Қисқа муддатда бироз ўсиш бўлади, лекин катта рақамлар кейинроқ келади", деди Шиллат.
Унинг сўзларига кўра, Исроил яқин уч-тўрт йил ичида газ қазиб олиш ва етказиб бериш ҳажмини кескин ошира олади. Яъни, мамлакат ички эҳтиёжидан ортиқ миқдорда катта ҳажмдаги ёқилғи сотиш имконияти пайдо бўлади.
Октябрь ойи охирида Италиянинг Эни энергетика компанияси раҳбари Клаудио Дескалси Италия Жазоирдан газ етказиб бериш ҳажмини оширишга эришганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Жазоир етказиб бериш мамлакатнинг жанубий йўналишда Россиянинг "Газпром"компаниясидан олган "кўк ёқилғи" миқдорини амалда алмаштирган.