Рональд Куман Испаниянинг «Барселона» футбол клуби бош мураббийи лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда клуб томонидан расман маълум қилинди.
«Барселона» унга клуб олдидаги хизматлари учун миннатдорчилик билдиради ва профессионал фаолиятида муваффақиятлар тилайди», дейилади жамоа баёнотида. Таъкидланишича, бугун Куман жамоа билан расман хайрлашади.
Бундай қарорга келинишига, «Барселона» 27 октябрь куни Испания чемпионати доирасида «Райо Валекано»га 0:1 ҳисобида имкониятни бой бергани сабаб бўлган. Ўтган турда эса жамоа «Реал Мадрид» 1:2 ҳисобида ютқазиб қўйган эди. Мамлакат чемпионатида «Барселона» 10 та ўйинда 15 очко тўплаб, турнир жадвалида 9-ўринни эгаллаб турибди.
Чемпионлар лигасида эса уч турнинг биттасида ғалабага эришган. Жамоа «Бенфика» ва «Бавария»га бир хил — 0:3 ҳисобида мағлуби бўлган ва ўз гуруҳида учинчи ўринни эгаллаб турибди.
Куман 2020 йилнинг августида «Барселона»га бош мураббий бўлган эди. Ўтган вақт мобайнида 67 ўйинда жамоани бошқарган мураббий 40 учрашувда ғалаба қозонган.