Россия билан келишмовчиликлар фонида Беларус Норвегиядан нефт сотиб ола бошлади

Россия билан келишмовчиликлар фонида Беларус Норвегиядан нефт сотиб ола бошлади

Беларус давлати Россия билан юзага келган зиддиятлар фонида Норвегиядан нефт сотиб ола бошлади. Белта янгиликлар агентлигининг хабар беришича, Новополотскдаги Нафтана нефтни қайта ишлаш заводи учун Норвегиядан 80 минг тонна нефт сотиб олинган.

Нефт етказиб бериш денгиз йўли билан Литванинг Клайпеда порти орқали, кейин эса темир йўл билан нефтни қайта ишлаш заводида систерналар билан амалга оширилади. Етказиб берувчи — Франциянинг Тотал ширкати.

Норвегия нефтининг нархи ошкор қилинмаган, аммо у Россияникидан анча қимматга тушади: темир йўл орқали етказиб беришнинг ўзи тоннасига 20 доллардан тушади.

Ушбу битим кўпроқ рамзий характерга эга. Битта танкерда етказиб берилган нефт билан Нафтана тўлиқ қувватда атиги 3 кун ишлай олади.

Россия ва Белорусияда нархлар борасида келиша олмагани туфайли, “Дўстлик” қувури орқали Россия нефтини етказиб бериш ва транзит қилиш бўйича ҳали шартнома имзоланмади. Декабр ойи охиридаги музокараларда Беларус президенти Лукашенко нефтни Россиянинг ички бозорига сотадиган нархда етказиб беришни талаб қилди ва у муваффақиятсиз бўлганидан кейин Россияга Европага нефт экспорт йўлини ёпиб қўйиш билан таҳдид қилди. Беларус ҳудудидан ўтган трансит ёпилса, Россиянинг Европа йўналишидаги экспорт имкониятлари кескин чекланади.