Россияда фирибгарлар Ўзбекистонга қайтмоқчи бўлганларнинг «рўйхати»ни тузишни бошлади

Россияда фирибгарлар Ўзбекистонга қайтмоқчи бўлганларнинг «рўйхати»ни тузишни бошлади

Маълумотларга кўра, ижтимоий тармоқларда ва Россиядаги Ўзбекистон фуқаролари орасида яқин кунларда Ўзбекистонга бўладиган чартер рейслари ҳақида ёлғон хабарлар тарқалмоқда. Фирибгарлар томонидан Ўзбекистонга қайтишни истаган фуқаролар ҳақида «маъл­умотлар йиғиш» ва йўловчилар «рўйхати»ни тузишни бошланган. 

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси бу каби ёлғон хабар ва миш-мишларга ишонмасликни ва уларни тарқатмасликни сўрамоқда.

«2020 йилнинг 30 мартидан 20 апрелига қадар Ўзбекистон Республикасининг барча аэропортлари ёпилиб, авиақатнов тўхтатилмоқда. Элчихона Россияда қолишга имконияти мавжуд фуқароларга коронавирус инфекциясини юқтирмаслик ва/ёки уни тарқатмаслик учун вақтинчалик/доимий яшаш жойларини тарк этмасликларини тавсия қилади. Фуқароларимизни Россияда қабул қилинган коронавирус билан кураш талабларига қатъий амал қилишни, одамлар тўпланган жойлар, айниқса, аэропортларга бормасликни, барча сафарларни қолдириш, ташқи алоқаларни чеклаш ва гигиена қоидаларига амал қилишни сўраб қоламиз», дейилади Ташқи ишлар вазирлиги расмий баёнотида.

Ватанга қайтиш истагида бўлган фуқароларимиз ушбу ҳавола орқали рўйхатдан ўтишлари лозим. Чартер рейслар ҳақидаги маълумотлар телеграм каналига жойлаштирилади.

Россиядаги ватандошларимизни яна бир бор фирибгарлар тарқатаётган миш-мишларга ишонмасликларини, пул ўтказиш орқали чартер рейсларга авиачипта сотиб олиш ҳақидаги таклифларни инкор қилишларини, хотиржамликни сақлаган ҳолда расмий манбаларни кузатиб боришларини сўраб қоламиз.​