Сурияда AҚШ зирҳли машинаси Россиянинг "Тигр" зирҳли машинасини йўлдан сиқиб чиқарди (видео)

Сурияда AҚШ зирҳли машинаси Россиянинг

Фото: dialog.ua

Сурияда тасвирга олинган Россия ва Aмерика ҳарбийлари ўртасидаги воқеанинг видеоёзуви "YouTube"га 19 февраль куни жойлаштирилди.

Видео тавсифига кўра, воқеа Суриянинг шимолий-шарқидаги Ал-Қамишли шаҳри атрофида бўлган. Видеонинг айнан қачон суратга олинганлиги аниқ кўрсатилмаган.

Видеоёзув Россия байроқлари ўрнатилган "БТР" (жанговар зирҳли транспорти) ва зирҳли "Тигр" (Йўлбарс) автомашиналаридан иборат бўлган автоуловлар карвонидан ўтиб кетмоқчи бўлган йўловчи томонидан олинган. 

Тасвирда Россиянинг ҳарбий техникаларидан иборат бўлган карвон олдида, AҚШ байроғига эга икки зирҳли "MaxxPro MRAP" автомобиллари секин ҳаракат қилади ва Россиянинг "Тигр"(Йўлбарс) зирҳли машинаси Aмерика зирҳли машиналарини қувиб ўтишга ҳаракат қилганда, АҚШнинг "MaxxPro MRAP" автомашинасидан бири унинг ўтиш йўлини тўсади ва йўлдан дала томонга сиқиб чиқаради, шундан сўнг иккала машина ҳамда видеоёзув ҳам тўхтайди. 

AҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) видеога изоҳ беришдан бош тортди.