Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги “Агроэкспресс” ноябрь ойида йўлга қўйилади

Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги “Агроэкспресс” ноябрь ойида йўлга қўйилади

Бу ҳақда Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников ва Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков учрашуви давомида маълум бўлди.

“Агроэкспресс” лойиҳаси икки мамлакатлар ўртасидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини рефрижератор поездларида мунтазам ташишни назарда тутади.

Россия томонининг сўзларига кўра, божхона назоратидан тез ўтиш жараёни ҳамда махсус темир йўл тарифлари ишлаб чиқилган.

“Ўзбекистондан янги узилган мева ва сабзавотларнинг биринчи пилот етказиб берилиши шу йил ноябрида ташкил этилишига умид қиляпмиз, декабрь ойида эса доимий равишда “Агроэкспресс” ҳаракатланишни бошлайди”, - деди Максим Решетников.

Россия Ўзбекистондан етказиб бериладиган сифатли мева ва сабзавотлар ҳисобига ўз ички бозорини, айниқса, мавсумлар орасида таъминлашга умид қилмоқда. 

Ўз навбатида Россиядан Ўзбекистонга ун, гўшт ва бошқа агросаноат маҳсулотлари келтирилади.