Россия хавфсизлик хизматига ишловчи хакерлар АҚШнинг ўнлаб компанияларига ҳужум қилди

Россия хавфсизлик хизматига ишловчи хакерлар АҚШнинг ўнлаб компанияларига ҳужум қилди

Россия Федерал хавфсизлик хизматига ишловчи хакерлар АҚШнинг ўттиздан ошиқ компаниясига ҳужум қилишди

Россия фуқароси раҳбарлик қилаётган Evil Corp. номли хакерлар гуруҳи АҚШнинг бир қатор ташкилотларига киберҳужум уюштирган. Бу ҳақда компьютер хавфсизлиги йўналишидаги Symantec компанияси хабар бермоқда.

Хакерлар бунда WastedLocker номли зиёнкор дастурий таъминотдан фойдаланишган. Symantec фикрича, ҳужумдан мақсад кўплаб компьютерлар ва серверларни шифрлаб ташлаш йўли билан ахборот-техника инфратузилмасига максимал зарар етказиш бўлган.

«WastedLocker – зарарли дастурлар орасида нисбатан янги тур ҳисобланади, – дейилади Symantec хабарида. – Бу зиёнкор дастурнинг машҳур Evil Corp. хакерлар тўдаси билан боғлиқлиги бор».

АҚШнинг 31 та ташкилотига хакерлик ҳужуми уюштирилганлиги аниқланган, аммо кибержиноятчилар ҳамласидан зарар кўрганлар сони бундан анча кўп бўлиши мумкин.

WastedLocker хужум занжири | Фото: Symantec 

2019 йилнинг декабрида АҚШ Адлия вазирлиги эълон қилишича, Evil Corp. хакерлар гуруҳига россиялик Максим Якубец бошчилик қилади. У банк ҳисобларидан 220 миллион доллар ўғирлаш учун зиёнкор дастурий таъминот тарқатишда айбланган.

АҚШ россиялик хакерлар гуруҳи раҳбари учун 5 миллион доллар ваъда қилди

АҚШ Молия вазирлиги таъкидлашича, 2017 йил ҳолатига кўра бу киши Россия Федерал хавфсизлик хизматида ишлаган. 2018 йилнинг апрелида Якубец ушбу ташкилотдан махфий ҳужжатлар билан ишлаш рухсатини олиш жараёнида бўлган.

Ўғирлаган пуллари эвазига ҳашаматли ҳаёт кечираётган рус хакерлари (фото+видео)

Шунингдек, АҚШ Давлат департаменти уни қўлга олишга ёрдам берувчи маълумот учун 5 миллион долларлик мукофот эълон қилган.