Россияда 3 ойдан буён маош ололмаётган ўзбекистонлик ишчилар масаласида элчихона баёнот берди

Россияда 3 ойдан буён маош ололмаётган ўзбекистонлик ишчилар масаласида элчихона баёнот берди

Кеча ижтимоий тармоқларда Россиянинг Амур вилоятида газни қайта ишлаш заводи қурилишини амалга ошираётган «Renaissance Heavy Industries» компанияси ишчилари уч ой давомида маош олмаганлиги сабабли исён кўтаргани видеоси тарқалган эди.

Видеода бир гуруҳ ишчилар «Renaissance Heavy Industries» компанияси офиси эшикларни тепиб, техникаларни синдираётгани акс этган. Шунингдек, видеода «Ур, синдир» деган сўзлар эшитилган. Ишчиларнинг сўзларига кўра, улар уч ойдан буён иш ҳақини олмаётгани сабабли мазкур ишга қўл урган.

Норозилик билдираётган ишчиларни тинчлантириш учун махсус топшириқлар бўйича милиция отряди жалб этилган. Вилоят прокуратураси томонидан маълум қилинишича, ҳолат юзасидан хорижлик ишчиларнинг меҳнат ҳуқуқининг бузилиши бўйича текширув бошланган. Шу билан бирга, тартибсизликни юзага келтирган ишчиларга нисбатан «Безорилик» моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Ушбу масала юзасида Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ахборот берди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси 2020 йилнинг 13 июль куни Россия Федерацияси Амур области Свободний туманидаги «Renaissance Heavy Industries» компаниясига тегишли вақтинчалик вахта шаҳарчасида Ўзбекистон фуқаролари иштирокида юз берган ҳодисани назоратга олган.

Мазкур масала бўйича Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги ва бошқа ваколатли органлари билан мунтазам мулоқот олиб борилмоқда.
"Бўлиб ўтган ҳодиса тафсилотларини аниқлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлаш мақсадида воқеа жойига элчихона Бош консули етиб борди.

Элчихона россиялик ҳамкорлар билан биргаликда можарони келтириб чиқарган сабаб ва шарт-шароитларни ўрганиш, муаммонинг барча томонлар учун мақбул бўлган ечимини ишлаб чиқиш бўйича иш жараёни ва натижалари ҳақида қўшимча ахборот беради" - дейилади ахборотда.