Россияда коронавирусга қарши вакцина билан эмланган беш нафар шифокорда касаллик аниқланди

Россияда коронавирусга қарши вакцина билан эмланган беш нафар шифокорда касаллик аниқланди

Томск областида инфекцияга қарши эмланган беш нафар шифокорнинг коронавирусга топширган тести мусбат чиқди. Област соғлиқни сақлаш департаменти вакилининг фикрича, вирус юққан пайтда уларда иммунитет тўлиқ шаклланиб улгурмаган бўлган.

"Бугун тест натижаларини олдим. Ҳайрон қолдим. Эмлаш ҳақида: у касаллик юқишидан ҳимоя қилмайди, касаллик оғир ўтишидан ҳимоя қилиши керак – текшириб кўрамиз", - деб ёзган томсклик врач-инфекционист Евгения Алексеева Instagram саҳифасида.

 Шифокорнинг қўшимча қилишича, унинг ҳарорати кўтарилмаган, ҳид билиш қобилияти йўқолмаган ва ҳолсизлик кузатилмаяпти.

 Томскда коронавирусга қарши эмлаш 6 октябрда бошланган. Регионга олиб келинган дастлабки 42 доза билан тиббиёт ходимлари эмланган.

"Вакцинациянинг биринчи босқичидан кейинги даврда беш нафар шифокорда тест мусбат чиқди. Уларнинг барчаси эмлашдан кейин ўз иш фаолиятларини давом эттириб, коронавирус инфекциясига чалинган беморларга тиббий ёрдам кўрсатишган", - дейилади Томск области бўйича тезкор штаб Telegram-каналида.

 Қайд этилишича, уларнинг уч нафарида касаллик енгил, икки нафарида ўртача оғир шаклда кечмоқда.

Аввалроқ Олтой ўлкаси ва Кемерово областидаги шифокорларда вакцинациядан сўнг коронавирус аниқланганди.