Россияликлардан ҳам IMEI код учун тўлов талаб қилиниши мумкин

Россияликлардан ҳам IMEI код учун тўлов талаб қилиниши мумкин

2021 йилдан бошлаб Россияликлардан янги смартфонларни, шу жумладан чет элда мустақил сотиб олинганларни рўйхатдан ўтказиш учун тўлаш талаб қилиниши мумкин. Россия Алоқа вазирлигининг маълумотларига кўра, рўйхатдан ўтган уникал идентификатор (IMEI ) йўқолган ёки ўғирланган ҳолда телефонни блоклаш имкон беради.

Бир гуруҳ сенаторлар қонун лойиҳасини якунига етказдилар, унга кўра IMEI'ни Россияда мажбурий рўйхатдан ўтказиш 2021 йил июлдан бошлаб жорий этилади. Ушбу мажбурият импортерларга (яъни, смартфонлар мамлакат ҳудудида рўйхатдан ўтган ҳолда сотилиши керак), шунингдек чет элда смартфонни мустақил равишда сотиб олган фуқароларга юкланади.

Рўйхатга олиш тўловининг тартиби ва ҳажми ҳукумат томонидан белгиланади (биринчи версияда 100 рубл (13,5 минг сўм) миқдорида тўлов ўрнатилди). Қонун кучга киргунга қадар ишлатилган қурилмани рўйхатдан ўтказиш бепул. Рўйхатдан ўтмаган ёки бир хил IMEI рақамига эга бўлган ускуналар уяли алоқа оператори томонидан блокланиши мумкин.

Расмийлар идентификация ва аутентификация қилишнинг марказлаштирилган тизимини яратмоқчи - агар телефон йўқолса ёки ўғирланган бўлса, бу қурилмани блокировка қилиш имконини беради.