Россияликларнинг катта қисми "Путин конституцияси"ни қўллаб-қувватлади

Россияликларнинг катта қисми

Россия Марказий Сайлов Комиссияси Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича овоз бериш протоколларини кўриб чиқишни якунлади. Мамлакат асосий қонунига киритилган ўзгартиришлар 77.92% россияликлар томонидан қўллаб-қувватланди, қаршилар 21.27%. Сўнгги маълумотларга кўра, жами сайловчиларнинг иштироки 65% ташкил этган.

Ненец автоном округи сайловчиларнинг аксарияти конституцияга киритилаётган ўзгаришларга қарши овоз берган ягона минтақа (54%) бўлди. Тузатишларни қўллаб-қувватлашнинг энг юқори даражаси Чеченистон (98%) ва Тува вилоятларида (97%) қайд этилди. Москвада сайловчиларнинг 66,1 фоизи ўзгартиришларни қўллаб-қувватлаган, 32,9% қарши.

Эслатиб ўтамиз Россия конституциясига киритилаётган ўзгаришлар билан мамлакатнинг амалдаги президенти Владимир Путиннинг аввалги сайланган муддатлари "ноллаштирилади" ва жаноб Путин яна икки бор ўз номзодини Россия президентлигига кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлади. Россиялик айрим жамоат арбоблари, жумладан Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Путинни умрбод президент қилиш таклифини билдирди. Қодировнинг ўзи ҳам бунинг мутлақо тарафдори эканлигини айтиб ўтди.