Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Саид Аҳмад. Гўштнинг зарари ҳақида (ҳажвия)
11.07.2017 07:09,  
248

(1917-1991)

Ҳурматли ўртоқ газийта директори!

Газийтангизнинг саккизинчи саҳифасида босилган фан кандидоти Найим Каримупнинг шиғрий қорхатини ўқиди-му тепа сочим тик бўлиб кетди.

Кўй гўштининг бир килоси олтмиш сўм бўлиб турган пайтда қорхатга бало борми. Ўзингизга маълумки, чоризм исканжасида инграган халқ оқ пошшонинг аблаҳлигидан бири икки бўлмай, кийими жулдур бўлса ҳам икки юзи қип-қизил, ўзи дўмбоққина бўлиб инсонийлик қиёфасини йўқотган эди.

Улуғ Октябрь инқилоби бундай ярамас ҳолга чек қўйди. Совет фуқаросининг қомати новдадек ингичка бўлиши шарт эканлигини ўзбеклар чор Россиясининг чекка ўлкасида яшашига қарамай дарров тушунди. Халқлар отаси Иосиф Сталин улуғ Лениндан илҳомланиб: «Йўқолсин бойлар!» деди. Бойлар йўқолди. Ғирт камбағаллар қолди. Мамлакатимиз камбағал, одамларимиз камбағал, хазинамиз камбағал, рўзғоримиз камбағал бўлиб қолди. Худо ҳар кимнинг феълига яраша берар экан. Етмиш тўрт йилдирки ғирт камбағаллик гаштини суриб келаяпмиз. Бой бўлишни асло истамаймиз. Бой бўлсак, албатта синф сифатида тугатилиб кетишимизни биламиз.

Хориждаги капитал исканжасида фарёд ураётган юртдошларимизга қарата: Кўринг, ҳавас қилинг, мен совет ватанининг фуқаросиман, деб айтиш ҳуқуқига эга бўлга-нимиз оламшумул тарихий воқеа бўлди. Раҳмат!

Қорхатда гўшт тўғрисида ҳам анча пасти-баланд гаплар ёзилибди. Очиғини айтиб қўяйки, масалани гўшт ҳал қилмайди. Шу гўшт ўлгирни емасак ўлиб қолмасмиз. Гўшт емагани учун ўлса Лев Толстой ўларди. Рабиндранат Тагор ўларди ва ниҳоят олти болани боқиб, ўзи гўшт емаган Толиб Йўлдош аллақачон, аллақачон кўкариб чиқарди!

Толстойлар, Тагорлар худонинг марҳамати билан энг узоқ умр кўрган инсонлардир. Толиб Йўлдош ҳам иншооллоҳ, юз ёшдан ошганлар қаторига кирса ажаб эмас.

Доҳий васиятларига содиқ қолиб, гўштни кўрсак тескари қараб ўтиб кетадиган бўлдик. Натижа ёмон бўлмади. Ҳаммамиз ёппасига хипча бел бўлиб олдик.

Тўғри, бу борада принципсизлик қилган пайтларимиз ҳам бўлди. Айниқса, олтмишинчи, етмишинчи йилларда Брежнев халқ саломатлигини ўйламай магазинларни озиқ-овқатга тўлдириб ташлади. Ўша йилларда унинг кўкраги орденга, бизнинг қурсоғимиз овқатга тўлди. Ана шундан кейин семиришлар бошланди. Қора қош доҳиймиз халқни гўшдан сиқмаганларга этак-этак орденлар сочди, ўзи ҳам ҳовучлаб олди. Костюмининг орқа томонига ҳам орден такди. (Олд томонида жой қолмаган эди.)
Ўша кезларни эслаганда ширин туш кўргандек бўламан. Қайта қуриш шабадаси эсиб, яйраган кўнгилларимиз янада яйраб кетди. Биз қайта қуришни меҳнаткашнинг қорнидан бошладик. Халқ соғлиғига шикаст етказадиган жамики гўшт-ёғларни йўқотдик. Шунинг шарофатидан девқомат ака-укаларимиз «Богатир» деган паҳлавонлар магазинига бормай «Детский мир»дан кийим оладиган бўлдилар.

Сиз, ўртоқ газийта директори, шиғрий қорхатни босиб чиқариш ўрнига гўштнинг инсон саломатлигига қанчалик зарар эканлиги тўғрисида мутахассислардан интервью олиб босишингиз керак эди. Афсуски, бундай қилмадингиз.

Қорхатда, қўлга тушган одам йигирма-ўттиз кишига ош дамлаб, сомса ёпиб, норин қориб, зиёфат қилиши керак, деб айтилган. Умарали Норматуп бир камбағал фан доктори, камтаргина профессор, ҳайратда қоладиган даражада хизмат кўрсатган фан арбоби, дорилфунуннинг бировга зарари тегмайдиган кафедра мудири ва ниҳоят Ҳамза мукофотининг жимгина лауреатидир. Ойлик маошини учма-уч зўрға эплаштирадиган, рўзғорга келин аянинг маошини, қизи ва ўғлининг стипендиясини қўшмаса тирикчилиги танг аҳволга тушиб қолиши мумкин бўлган ночор оила бошлиғидир.

Рўзғорини амал-тақал қилиб ўтказаётган бир профессоргинага уялмай-нетмай қорхат ёзишга Найим Каримупни ким ва нима мажбур қилди?Норматуп қўли очиқ, мард одам. Қорхатда айтилган жами таомларни бировдан қарз кўтариб бўлса ҳам пишириши мумкин.
Лекин масаланинг бошқа бир томони ҳам бор. Қорхат зиёфатига ўрганганлар ёмғир хат, шабнам хат, қиров хат, жала хат деган янги-янги одатларни ўйлаб чикармасликларига ким кафил бўлади?

Ўртоқлар, Брежневнинг хатосини такрорламайлик. Гўшт ейиш каби ўтмиш сарқитларидан қанча тез қутулсак, шунча яхши.
Ўзбекнинг нимаси кўп, оши кўп. Тирикнинг ҳам, ўликнинг ҳам ошини ейди. Никоҳда ош, суннатда ош, марҳумнинг йигирмасида ош, йилида ош. Э, бунақада кадди-қоматдан ажралиб қоламиз-ку!

Биз бу соҳада балет раққосаларидан ибрат олишимиз зарур. Балетчилар бир ойда етти-саккиз кун овқат емай, қоматларини асрайдилар. Биз ҳам шундай қилсак бўлмасмикан? Овқатни қанча кам есак, қайта қуришга шунча кўп ҳисса қўшган бўламиз.
Йўқолсин қорхат! Йўқолсин ёғли қўй гўшти! Йўқолсин қассоб! Йўқолсин хўппа семизлар!

Биз камтар одамлармиз. Бўлар-бўлмасга мақтанавермаймиз. Қандайдир бир маҳбус қамоқхонада беш-олти кун очлик эълон қилганини бир йил газийтага ёзишди. Аммо биз етмиш тўрт йилдан бери эълон қилмасдан оч юрибмиз. Ғиринг деганимиз йўқ-ку! Чунки ўша кунлари пешонамизга коммунизмнинг порлоқ нури тушиб турганди. Коммунизмда ифтор қиламиз, деб етмиш тўрт йилдан буён туз тотмай рўза тутяпмиз. Бу бугунги авлодимизни коммунизмда яшашига ишонганимиздандир. Нурли даргоҳга хипчагина, кичкинагина бўлиб кириб борсак қандай яхши. Раҳмат!

Ўзбек пахтакорларининг яна бир отаси (отамиз бунча кўп экан?) Никита Хрушчев ўн беш йилда коммунизм қурамиз, деб айтган эди. Шу гапни совутмай, дарров коммунизмни қуриб олсак бўлар экан. Аттанг, энди кечикдик. Ўн беш йил нима деган гап. Кўз очиб юмгунча ўтди-кетди. Ўша пайтда ўн беш йилга кесилиб кетганлар муддатларини ўтаб, қамоқдан қайтиб келарканлар биздан, коммунизм тайёрми, деб сўрамоқдалар.

Андижонда қассобларни калтаклашипти. Жуда тўғри иш бўпти. Нурли даргоҳ сари дадил кетаётган халқимизни семиртирадиган ҳар қандай хатти-ҳаракатни қоралаймиз. Юнон саркардаси Искандар Зулқарнайнми, хизмат кўрсатган артист Ёдгор Саъдиевми «Дастурхон тирикчилигимизнинг ойнасидир» деб айтган экан. Ана шундай тиниқ ойнамизга ҳар хил емишларни қўйиб уни хира, доғ қилмайлик.

Жаннатда кўрмоқ бор, емоқ йўқ, дейдилар. Коммунизм ҳам худди шунинг ўзи. Фақат фарқи шуки, унда кўрмоқ ҳам, емоқ ҳам йўқ. Бори ҳам талонга.

Ҳурматли Норматуп, иғволарга учиб қорхат ёзганларга ош қилиб берманг. Акс ҳолда, келажак авлод олдида, инсоният олдида юзи қора бўлиб қолишингиз мумкин.
Найим Каримупдек кандидотларга то фан доктори бўлмагунча орамизда жой йўқ. У «Қорхат» эмас, ёмонликдан дарак берувчи «Қорахат» ёзганлигини яна бир марта таъкидлаб ўтаман.

ziyouz.uzдан олинди

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан