Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Саида Мирзиёева ташаббуси билан Катта Лангар Қуръони саҳифалари сақлаб қолинди
13.06.2021 21:03,  
110

Ўзбекистонда сақланиб келинаётган VIII асрга оид Катта Лангар Қуръони саҳифаларини реставрация қилиш ишлари якунланди. Реставрация ишлари 2019 йилда, ўша вақтда АОКА директори ўринбосари бўлган Саида Мирзиёева ташаббуси билан бошланганди.

Уни реставрация қилиш ишлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасининг реставрация лабораториясида олиб борилган. Жараёнда Лувр музейи реставраторлари Аксел Дело ва Ауреля Стрери, Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасининг мудири Камолиддин Маҳкамов ва кутубхонанинг етакчи мутахассиси, реставратор Саидраҳмат Икромов, Ўзбекистон миллий кутубхонаси консервация ва реставрация бўлими бош мутахассиси Шуҳратиллоҳ Пўлатов, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг Маданий ҳамкорлик бўлими бошлиғи Бобур Мирзо Саёмов иштирок этган.

Реставрация ишлари 3 босқичда амалга оширилган.

Биринчи босқичида (2019 йил 7—16 ноябрь) реставрация режаси тузилган, Қуръон ҳолатининг ёзма тавсифлари ва фотофиксациялари амалга оширилган. Саҳифалар алоҳида варақларга ажратилиб, саҳифалар четлари йиртилиб кетишига олиб келган эски прошивкаси олиб ташланган.
Иккинчи босқичда (2020 йил 5—12- февраль) муқаддас китобнинг 13 та саҳифасини бевосита тиклаш ишлари амалга оширилган ва уларни 15 ойга махсус пресс остида сақлаш билан якунланган.

Якуний босқичда (2021 йил 25—29 май) саҳифалар пресс остидан олиниб, унга имкон қадар дастлабки кўринишини қайтаришга ҳаракат қилинган ва яхши сақланиши учун махсус қадоқларга жойлаштирилган.

Катта Лангар Қуръони саҳифалари Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги «Лангар ота» масжидида узоқ сақлангани учун шу номни олган. Илмий изланишларга кўра, у VIII асрнинг сўнгги чорагида — араб тили грамматикаси шакллантириши пайтида яратилган. Экспертларнинг фикрича, Катта Лангар Қуръони қўлёзмасининг умумий ҳажми 206 саҳифа бўлиб, бугунги кунгача ундан  97 та саҳифаси сақлаб қолинган. Шундан 17 та саҳифа Ўзбекистонда сақланмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовнинг таъкидлашича, дунёда Катта Лангар Қуръони фақат битта нусхада мавжуд. Унинг 13 саҳифасини реставрация қилиш жуда оғир ва мураккаб бўлди. Шу билан бирга, Ўзбекистон мусулмонлари идораси яқинда Санкт-Петербургда сақланаётган Катта Лангар Қуръонининг 81 варақ факсимиле нусхаларини олиб келди.

«Шундай қилиб, ушбу ноёб қўлёзма асрлар давомида бизда сақланиб, авлоддан авлодга мерос бўлиб боради», — деган Усмонхон Алимов.

«Катта Лангар Қуръони саҳифалари яна кўп асрлар нафақат биз – ўзбекистонликлар, балки бутун дунё мусулмонлари, бутун инсониятнинг маънавий бойлиги бўлиб хизмат қилади, деган умиддамиз», — деган Саида Мирзиёева.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан