Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Samarkand Half Marathon: ютуқлар, камчиликлар, дунёқараш ва меҳмондўстлик ҳақида
8.11.2019 15:07,  
245

Югуриш энг оддий ва энг самарали жисмоний машқдир, унда жинс, инсоннинг ёш чеклови ҳам кўрсатилмайди, қисқаси, барча учун оддий, аммо соғлиқ учун энг фойдали спорт туридан бири. Қолаверса, югуришда турли хил ногиронлиги бор шахслар иштирок этиши мумкин, агар уларнинг аҳволи оғир бўлмаса, албатта.

Югуришнинг инсон тана аъзоларини чиниқиши учун кўплаб фойдали тарафлари бор. Мисол учун қон айланишини оширади, барча аъзолар ва тўқималарни кислород билан тўйинтиради. У қон томир тизимини машқ қилдиради ва кўплаб юрак касалликларининг олдини олади.

Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидан бирида ташкил этилган илк Самарқанд халқаро ярим марафонида мен ҳам журналист, ҳам марафон иштирокчи сифатида қатнашдим.

Тадбир ғояси

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ажойиб ғоя ва ташаббус ишлаб чиққан десам муболаға бўлмайди. Қолаверса марафон «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш» йили дастурига жуда мос ташкиллаштирилган.

Биринчидан: марафонни ўтказиш учун айнан қадимий шаҳарларимиздан бири танланган, унда иштирок этишни хоҳловчилар дунёнинг турли бурчакларидан регистрация қилиб, марафонда иштирок этишлари мумкин. Бунинг учун махсус сайтга кириб, рўйхатдан ўтиш йўлга қўйилди. Сайт қулай, содда ва ажойиб дизайн асосида ишлаб чиқилган бўлиб, унда ўзбек, рус ва инглиз тилларида тўлиқ маълумот берилган ва дунёнинг хоҳлаган бурчагида туриб, рўйхатдан ўтиш мумкин.

Бундан кўзланган мақсад – маданият ва санъат объектларидаги инклюзивлик масалаларига жамоатчилик эътиборини қаратиш, шунингдек, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва мамлакатда спорт туризмини ривожлантиришдир. Бу эса туризмни ривожлантиришда, хорижлик сайёҳларни мамлакатимизга эътиборни кучайтиришда, инвестицияларни жалб қилишда муҳим рол ўйнайди.

Иккинчидан: ярим марафон асосан инклюзивликка бағишланган бўлиб, унда мамлакатимиздаги кўзи ожизларга қулайлик яратишга эътибор қаратилган. Марафондан тушган маблағлар Тошкент шаҳридаги театрлардан бирида тифлошарҳлар ёрдамида саҳна асарлари намойиш этиладиган тажриба лойиҳаси амалга оширилишига йўналтирилади. Бу заиф кўрувчи ва кўзи ожиз томошабинларга саҳна асари ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил қилишга имкон беради. Мусобақа эсдалик медалларига Брайл ёзувидаги ёзувнинг киритилиши ҳам рамзийдир. Бу ижтимоий ривожланишга қаратилган эътиборнинг бир қисми, десак муболаға бўлмайди.

Ташкилотчилик ишлари

Самарқанддаги илк халқаро ярим марафондаги баъзи камчиликларни инобатга олмасак, ташкилотчилик ишлари яхши йўлга қўйилди. Марафонга беш кун қолганда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасидан таклиф тушди ва мен унда иштирок этишимни билиб олдим. Вақт қисқа бўлгани учун уч кун югуриш машғулотларида қатнашдим ва жисмоний тайёргарлигимга қараб 2, 10, 21 километрли дистанциялардан 10 км.ни танладим. 2 ноябрь эрталаб келишилган жойга, келишилган вақтда Самарқандга туристик автобусида ташкилотчилар кутиб олишди, таклиф қилинганлардан журналистлар ва марафоннинг асосий юзи бўлган кўзи ожиз иштирокчи Санъатжон Норметов бор эди.

Беш соат деганда пойтахтдан Самарқандга етиб олдик ва ҳамма керакли меҳмонхонага жойлашди. Кечки пайт Регистон майдонида одам гавжум, очиқ осмон остида марафонга бағишланган концерт ташкиллаштирилди. Меҳмонларга ош тарқатилди. Марафон давомида ички ишлар ходимлари хавфсизликни яхши назорат қилишди, Миллий гвардия аскарлари яхши қўриқлашди. Бундан ташқари, ташкилотчилар волонтерлик ишларини ҳам яхши йўлга қўйишди. 1-2 ноябр кунлари соат 20:00 гача рўйхатдан ўтиб, регистрация қилинган ҳар бир иштирокчи ўзига тегишли ўлчамдаги футболка, рақами, финишга аниқ вақтда етиб келадиган махсус чипли браслетни марафоннинг логотипи туширилган махсус қора қопчали рюкзакда тарқатилди. Югуриш пайтида кийиниш учун аёллар ва эркаклар палаткалари, керакли буюмларни қолдириш учун махсус гардероблар ўрнатилди.

3 ноябр куни об-ҳаво ҳам югуриш учун ажойиб бўлди. Уч кун машғулотда қатнашиб, 10 км.га югуришга тўлиқ тайёрланмаган бўлсам ҳам, қадимий шаҳар кўчалари, тарихий обидалари кўнглимни кўтариб, чарчоқлар унутилди ва белгиланган вақтдан олдин финишга етиб келдим.

Самарқанд аҳолисининг меҳмондўстлиги ва дунёқараши

Кузатишимча, пойтахтимиз аҳолиси билан Самарқандда яшовчи аҳоли орасида катта фарқ бордек, яъни самарқандликларнинг дунёқараши бошқача кўринди мен учун. Самарқандликлар жуда меҳмондўст халқ десам, муболаға бўлмайди. Мисол учун менга йўл-йўриқ кўрсатганлар пойтахтликлардан фарқ қилди. Пойтахтда қора танли сайёҳни кўриб қолишса, оҳ-вуҳ, дейдиган одамларни тез-тез учратаман. Самарқандликлар бундай одамларга ўрганиб қолишган, шекилли.

Марафонда 10 км масофани югуриб, четдан, яъни одамлар томоша қилаётган жойга ўтиб 21 км.ли масофага ким биринчи бўлиб етиб олиши билан қизиқдим. Ёнимда ёши таҳминан 70 атрофида бўлган онахон кросовкамни бехосдан босиб олди ва қўлларини елкамга узатиб, мендан узр сўради. Пойтахтда бундай инсонлар камдан-кам учрайди. Шунда билиндики, сайёҳларга бой шаҳар аҳолисининг маданиятига, дунёқарашига ва муомаласига ижобий таъсир қилар экан.

Камчиликлар ва таклифлар

Тошкент-Самарқанд йўли 300 километрни ташкил қилади, йўлнинг айрим участкалари аҳволи қониқарсиз. Истардимки, нафақат Самарқанга борадиган йўл, шу билан бирга Бухоро, Хива, Қарши, Термиз ва Қорақалпоғистон Республикаси каби бориладиган трассаларни сифатли таъмирлаш ишларини йўлга қўйиш керак. Чунки сайёҳлар тез-тез қатнаб турадиган ушбу шаҳарларга олиб бориладиган йўллар муносиб аҳволда эмас. Ўзбекистонда йўлларни сифатсиз таъмирланиши ҳар 5 йилда қайта таъмирлаш учун ортиқча ҳаражат қилинишидан кўра 15 ва ундан кўпроқ йилга сифатли таъмирлаш мақсадга мувофиқ.

Самарқанддаги тадбир асосан инклюзивлик мавзусига бағишланган. Инклюзиянинг маъноси турли хил ногиронлиги бўлган шахсларга қаратилган, Регистон майдонининг айрим жойларида ногиронлар аравачаси учун пандуслар ўрнатилган, лекин айрим жойларида ноқулай. Шаҳарда ҳам ногиронлиги бор шахслар учун қулайликлар мавжуд эмас, қисқаси, аравачада юрадиган ногиронлар бемалол мустақил ҳаракатлана олишмайди, пандуслар саноқли жойдагина мавжуд. Ваҳоланки пандуслар ўрнатилиши учун катта куч ва ҳаражат талаб этилмайди. Кўзи ожизлар учун тарихий обидаларга киришда брайл алифбосида ёзувлар йўлга қўйилмаган. Бундан ташқари, эшитишида нуқсони бўлган инсонлар учун тарихий биноларда сурдо таржимонлари ёрдамида тарихни таржима қилиб етказадиган сурдо таржимонлар йўқ. Юқоридаги камчиликлар ҳам бартараф этилса нур устига аъло нур бўлар эди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан