Таълимда Оксфорд стандарти томон интилаётган университет

Таълимда Оксфорд стандарти томон интилаётган университет

Куни кеча Самарқанд шаҳрида ўтказилган тадбир баҳона “Ипак йўли” туризм халқаро университети ҳақида кўплаб қизиқ маълумотларни олдим. Уларни қиёсий таҳлил қилиб олгунча бир-икки кун вақт кетди. Мана энди фикрларимни жамлаб ёзишга киришдим. Дарвоқе тадбир ҳақида. Ушбу университетда ўрнатилган янги қабул қилинган талабалар учун уюштирилган тақдимот борасида мана бу ердан ёки мана бу ҳаволадан ўқиб олсангиз бўлади. Мен эса университет ҳақида, унинг ўзига хос томонлари ҳақида ёзай.

Аввало, университет очилишига туртки бўлган ҳодиса Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитойда ўтказилган ШҲТнинг (Шанхай ҳамкорлик ташикилоти) навбатдаги саммитида илгари сурган ташаббусларининг ижроси десак, тўғри бўлади. 2018-2019 ўқув йилидан фаолиятини бошлаган мазкур университет охирги ой давомида кескин ўзгаришга юз тутди. Бошқарув тизимидан тортиб, ўқув дастурларигача тубдан ўзгарганлигини айтишди. Келинг, шу ўзгаришларни бўлимма-бўлим ёзиб кетай.

Бошқарув тизими

  • Аввало барча бўғиндаги бошқарувчилар ижро эркинлигига эга. Умумий стратегия ва мақсадлардан бохабар раҳбар-ходимлар ишга ижодий ёндошган ҳолда ишлашларига имкон берилган;
  • Кафедра мудирлари, декан лавозимларига чет эллик профессорлар таклиф этилган ҳамда уларга ўз бошқарув усулларини қўллашга карт-бланш берилган;
  • Advisor ҳамда tutorлик тизими жорий қилинган. Бу дегани энди университет профессор-ўқитувчилари кураторлик юкламасидан қутулишган. Бу вазифани энди эдвайзерлар бажаришади. 500 дан ортиқ талабалар учун 14 нафар ёш, ташаббускор педагоглар доимий маслаҳатгўй, ёрдамчи бўладилар. Университетга дарс бериш учун таклиф этилган чет эллик мутахассисларга ёрдамчи сифатида ҳозирча инглиз тилида дарс бера олмайдиган, лекин ўз соҳасининг мутахассиси бўлган маҳаллий кадрлар ёрдамчи бўлади. Улар талабаларга дарсларни ўзлаштиришга ёрдам беришади. Улар тюторлик лавозимида иш олиб борадилар. Бу тажрибалар илк бора татбиқ этилаётган бўлиб, юқори самара бериши кутилмоқда.
  • Барча бўлимларнинг иш самарадорлигини аниқловчи марказ ташкил этилган бўлиб, бу нафақат назорат, балки маслаҳат функциясини ҳам бажариши кўзда тутилган.

Ўқув тизими ва жараёни

  • Ўқув тизими бутун дунё миқёсида ўз самарасини кўрсатган кредит тизимига асосланган. Талабалар ўзига керак бўлган курсларни танлаб ўқишади. Бир семестрда 5 та фан ўқиш билан ҳозирда аксарият ОТМларимизда ўқитилаётган 10-15 та фан ўқишнинг ер билан осмонча фарқи бор, албатта. Талабада ўз устида ишлашгаям, талабаликнинг олтин даврини реал ҳис қилишгаям вақт бўлади.
  • Дарслар тўлиқ инглиз тилида ўтилади. Ҳатто “Ўзбекистон тарихи” ҳам инглиз тилида ўқитилади. Одатдагидек сана ва исмларга боғланган қуруқ статистик маълумотлар эмас, айнан соҳага оид, масалан, маълум бир урф-одатлар, миллий таомлар тарихи ўргатилади. Дарсларнинг инглиз тилида бўлиши бўлажак мутахассислар учун тайёр қўлланмадек гап.
  • Магистрантлар фақат дастлабки икки семестрда ўзларига керак бўлган курсларни ўқишади. Бу курслар ҳам модул асосида ўтилади. Яъни, айтайлик, маркетинг бўйича Польшадан келган профессор бир ой давомида дарс ўтиб, имтиҳон олиб бу курсни якунлаб кетади. Талабалар бир ой давомида фақат шу курсни ўқишади холос. Кейинги ойда бошқа курс ўтилади. Магистратуранинг учинчи семестрида талабалар чет эл университетларида стажировка ўташлари керак бўлади. Охирги семестр тўлиғича магистрлик диссертациясини тайёрлашга бағишланади.
  • Электрон деканат тизими ишлайди. Ортиқча қоғозбозликка шу тариқа чек қўйилади.
  • Дарслар 50 дақиқадан ўтилади ва соат 14:00 дан кейин дарслар йўқ. Боз устига ҳафтада 5 кун ўқилади. Шанба, якшанба кунлари талабанинг тўлиқ ихтиёрида.
  • Дресс-код каби муҳим бўлмаган нарсалар билан талабаларнинг калласи қотирилмайди. Талабалар ўзига қулай бўлган кийимда келаверади. Маънавият бўйича проректорнинг вазифалари биз билгандан бошқача. Талабалар билан ишлашнинг креатив усулларидан фойдаланишни кўзлашган. Алмисоқдан қолган усуллар эскирганлигини яхши билишадиган кўринади.
  • Ҳозир ОТМларимизда урфга кираётган “double degree” берадиган қўшма дастурлар га қўшимча “triple-degree” ҳақида режалар қилаётган университет бу билан чегараланиб қолмоқчи эмас. Бакалаврлик даражасини 3 йилда олиш имкони, магистрлик даражасининг диплом ҳимоясисиз вариантини (ҳайратланманг, шунақасиям бўлади) 1 йилда олиш имкониятини бериш яқин йилларда реалликка айланиши ҳеч гап эмас.
  • Туризмга ихтисослашган университет талабалари амалий тажрибага эга бўлмаса, ғалати кўринар. Бу борада ёзги таътил пайтида кўпчиликка маълум бўлган “”work and travel” типидаги дастурлар тузиб қўйилган. Талабалар ўз соҳалари бўйича ҳам тажриба орттиради ҳам озгина маблағ ҳам ишлаб топади.
  • Университет ҳали битирувчи чиқаргани йўқ, лекин ҳалитдан уларнинг ишга жойлашиш эҳтимоли қандайлигини ўрганиб, битирувчиларнинг 92% и 6 ой давомида ўзига муносиб иш топа олишларини таъкидлашмоқда. Бу борада университетнинг Career Service маркази яқин ёрдамчи бўлиши таъкидланди.

Замонавий университет фаолиятини қандай йўлга қўйиш мумкинлиги борасида қолган ОТМларимизга мастер класс кўрсатишяпти, деб бемалол айтишимиз мумкин. Мамлакатимиздаги “халқаро” статусига эга ягона давлат университетидан, худди шундай ягона “миллий” статусига эга бўлган Ўзбекистон Миллий университетига яхши чақириқ. Қолган олий таълим муассасаларимиз ҳам шундай ўзгаришлар қилишга қодирми? Бунинг имкони бор, бунинг учун кенг ва замонавий фикрлайдиган ёш кадрларни юқори, ваколатли лавозимларга қўйиб, уларга ишонч билдириш керак.

Шунча маълумотни содда тилда, мароқ билан, кўзларида ўт чақнаб тушунтириб берган мазкур университет проректори Азамат Акбаровга алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман. Зеро бу ўзгаришларда унинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Бу ҳисса қанчалигини университет жамоасидан сўраб биларсиз.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.