«Самарқанд қачон шиддат билан ривожланади, деган савол мени ҳамиша қийнайди» — Президент

«Самарқанд қачон шиддат билан ривожланади, деган савол мени ҳамиша қийнайди» — Президент

Шавкат Мирзиёев бошчилигида 16 апрель куни Самарқанд вилояти фаоллари, соҳалар раҳбарлари билан навбатдан ташқари сессия бошланди. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.

Фoто: Президент матбуот хизмати

Хабарга кўра, Президент мазкур вилоятда ҳоким бўлиб ишлаган пайтларини ҳар доим эслашини, вилоятни соғинишини таъкидлаган:

«Мен ҳамиша Самарқандни соғинаман. Куни кеча Имом Бухорий мажмуасида бўлган учрашувда ҳам айтдим – кўп жойларда ишладим, лекин бу вилоятда орттирган тажрибам жуда кўп қўл келган. Албатта, мен бу вилоятда ҳоким бўлиб ишлаган пайтларимни ҳар доим эслайман. У пайтлар муаммолар кўп эди, имкониятлар чекланган эди. Уларни ечишга ҳамиша ҳаракат қиламиз. Самарқандда ўзгариш бўлмаяпти десак тўғри эмас, ўзгаришлар бор. Лекин Самарқанд қачон шиддат ривожланади, деган савол мени ҳамиша қийнайди. Биласиз, 2020 йил жуда оғир келди. Қандай қилиб мана шундай оғир шароитда кечагига нисбатан бугун нима ўзгаради, хонадонлар қандай обод бўлади, фарзандларимиз қандай қилиб яхши яшайди, деган саволлар мени ўйлантиради. Агар кимдир келиб бизга бу нарсаларни қилиб беради, десак адашамиз. Бугунги шиддат билан ўзгараётган замонда ҳар бир давлат, ҳар бир миллат биринчи ўзи ҳақида қайғурмоқда» дейди Президент.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев сессия аввалида барчани Рамазон ойи билан табриклаган.

«Биз ҳам бугунги мулоқот чоғида ўйлашимиз керак – Имом Бухорий мажмуасидек муқаддас жойлари бўлган Самарқандда бугун нималар қиламиз? Президент ана шундай улуғ айём кунларида нега келди, деган саволга қандай жавоб берамиз? Биз ана шундай улуғ инсонлар давомчиларимиз, шуни унутмасак ишимизда барака бўлади, шукроналик бўлади. Фурсатдан фойдаланиб мен ҳаммангиз муқаддас Рамазон ойи билан табриклайман. Ниятим, келгуси йилларда ҳам шу кунларга эсон-омон етиб борайлик», дейди Шавкат Мирзиёев.