Самарқанд вилоят ҳокими қабулига кираётган тадбиркорлар Савдо-саноат палатаси аъзолигига мажбурланмоқдалар

Самарқанд вилоят ҳокими қабулига кираётган тадбиркорлар Савдо-саноат палатаси аъзолигига мажбурланмоқдалар
Ҳар ҳафтанинг жума кунлари Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармасидаги қабулига кираётган тадбиркорларнинг палата аъзолигига мажбурланаётганлиги иддао қилинди.
Ушбу ҳолатни текшириш мақсадида жорий йилнинг 24 апрель куни тадбиркор сифатида Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғига мурожаат этдик. «Палатага аъзо бўлиш ихтиёрий, лекин ҳоким қабулига биринчи навбатда палата аъзолари чақирилади. Аъзо бўлмаган тадбиркорларни қабулга чақирмаслигимиз ҳам мумкин. Биз биринчи навбатда ўз аъзоларимизга хизмат кўрсатамиз. Ўтган ҳафта 19 апрель кунги ҳоким қабулига киритилган 40 тадбиркорнинг ҳаммаси палатага аъзо бўлди» - деб фикр билдирди палатанинг вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Ш. Юлдашев. Қабулдаги 40 нафар тадбиркорнинг ҳаммаси палатага аъзо бўлганлигининг ўзи унинг «мажбурий-ихтиёрий» тарзда амалга оширилганлигини тасдиқлайди.
Савдо-саноат палатаси вакилларининг палатага аъзо бўлаётган тадбиркорлардан ташкилот низомида кўрсатилган минимал тўловлардан кўпроқ маблағ тўлаттиришлари оддий ҳолга айланганлигини алоҳида айтиб ўтиш зарур. Хусусан, микрофирмалар учун палата аъзолик бадали энг кам иш ҳақининг 6 баравари (1,2млн. сўм)дан бошланса ҳам, аксарият тадбиркорлар энг кам иш ҳақининг 10 баравари (2,0млн сўм)дан ортиқ маблағ тўлаб аъзо бўлишган.   
Самарқанд вилояти ҳокими қабулига кираётган тадбиркорларнинг савдо-саноат палатасига аъзолиги ёки аъзо эмаслиги бўйича ажратмасликни сўраб Эркинжон Турдимовга мурожаат этамиз. Ҳокимнинг тадбиркорларга яратаётган енгилликларидан кимдир ўз манфаати йўлида фойдаланишига йўл қўймаслик керак.
 
Мирзо Субханов
(фото: turdimov.uz)