Давлат мулкини талон-торож қилганликда гумонланаётган Бобир Элмурадов иши юзасидан баёнот берилди

Давлат мулкини талон-торож қилганликда гумонланаётган Бобир Элмурадов иши юзасидан баёнот берилди

Самарқанд вилояти қурилиш бош бошқармаси Бобир Элмурадов иши юзасидан баёнот берди.

Маълум қилинишича, Самарқанд шаҳар Зебинисобегим кўчасидаги 58-манзилда жойлашган 26 та хонадонга 7,5 миллиард сўм товон пули тўлаб берилганлиги юзасидан қўзғатилган жиноят иши доирасида 9 нафар мансабдор шахслар айбдор деб топилган. Улардан 4 нафарига нисбатан жиноят ишининг қисми Ўзбекистон ЖПКнинг 84-моддасига асосан ҳаракатдан тугатилган.

“Жиноят иши бўйича “Afrosiyob Strоy Servis” МЧЖ раҳбари Камолиддин Шукуров, Самарқанд шаҳар ҳокимининг собиқ ўринбосари, ҳозирги кунда Самарқанд вилоят бош архитектори Бобир Элмурадов, Капитал қурилиш дирекцияси собиқ бошлиғи Темур Халиқуловлар Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167, 205, 228-моддалари билан айбланиб, судга берилган. Тергов натижалари бўйича Б.Элмуродов ва Т.Халиқуловлар гумонланувчи ёки айбланувчи сифатида ушланмаган ва уларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилмаган”, - дейилади баёнотда.

Таъкидланишича, бугунги кунда мазкур жиноят иши ЖИБ Самарқанд шаҳар судида мазмунан кўрилмоқда.