Самарқанд халқ таълими тизимида 8 миллиард сўмга яқин маблағ талон-торож қилинди

Самарқанд халқ таълими тизимида 8 миллиард сўмга яқин маблағ талон-торож қилинди

Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси Фото «Дарё»

Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси тизимида 6 миллиард 174 миллион сўмлик иш ҳақи маблағлари ўзлаштирилгани маълум бўлди, дея хабар беради “Дарё” мухбири Фарҳод Норбўтаев.

Вилоятда бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлиги ўрганилганда ХТБда “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун талаблари бузилиши натижасида 4 миллиард 259 миллион сўмлик маблағлар нотўғри сарфлангани аниқланган. Товар моддий бойликларни балансга кирим қилинмай, маҳсулотлар қиммат нархларда сотиб олиниши натижасида 906 миллион сўмлик молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан прокуратура ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят органларига келиб тушган 8 та тўпланган ҳужжатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб борган. Учта ҳудудда ўтказилган ўрганишлар давомида аниқланган ҳолатлар шахслар доирасига бўлинганда жиноят таркибини бермаган ёки кам аҳамиятли бўлган.

Самарқанд вилоят прокуратураси ахборот хизматининг қўшимча қилишича, текширув давомида аниқланган зарарлар тўлиқ ундирилган ҳолда жиноят иши қўзғатишни рад этиш ва маъмурий жавобгарликка оид иш қўзғатиш ҳақидаги қарорлар қабул қилинган. Тўпланган ҳужжатлар маъмурий судларга юборилган. Бешта текшириш ҳужжатлари бўйича жиноят ишлари қўзғатилган.

Ҳисоб палатаси мутахассислари томонидан аниқланган 6 миллиард 174 миллион сўм зарарнинг 3 миллиард 386 миллион сўми текшириш давомида ўз тасдиғини топган. 2 миллиард 706 миллион сўм ундирилиши таъминланган. Ундирилмаган 679 миллион сўм етказилган зарар бўйича ҳозирги кунда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Шунингдек, Пайариқ туман халқ таълими бўлими мансабдорлари 2017—2019 йиллар давомида салкам бир ярим миллиард сўм миқдордаги бюджет маблағларини талон-торож қилгани маълум қилинди.

Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Самарқанд вилоят бошқармаси ходимлари томонидан тўпланган ҳужжатларга кўра, Пайариқ туман ХТБ мансабдор шахслари ва бошқалар муассасада ишламаган ходимларга 681,8 миллион сўм, туғруққача ва туғруқдан кейинги таътил учун 89,9 миллион, ходимларнинг меҳнат таътили учун 188,7 миллион сўм ҳамда иш ҳаққи учун 326,1 миллион сўм — жами 1 миллиард 487 миллион сўм бюджет маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.

Самарқанд вилоят прокуратураси ахборот хизматининг маълум қилишича, Пайариқ туман халқ таълими бўлими мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди ва 184-1-моддаси (бюджет ва смета-штат интизомини бузиш) 2-қисми билан жиноят ишини қўзғатилган.

Пайариқ тумани халқ таълими бўлими мудири Алишер Рашидовнинг маълум қилишича, талон-торож қилинган 1 миллиард 487 миллион сўм маблағ бўлимнинг 22 нафар ҳисобчиси томонидан амалга оширилган. Бўлим ҳисобчилари бундай хилдаги қонунбузарликлар ўзлари томонидан амалга оширилганлиги тўғрисида тегишли ташкилотларга ўз тушунтириш хатларида маълум қилган. Етказилган моддий зарар тўлиқ қопланган.