Самарқандда бир аёл ва эркакнинг пичоқлаб ўлдирилишини видеога олиб тарқатган шахслар қамоққа олинди

Самарқандда бир аёл ва эркакнинг пичоқлаб ўлдирилишини видеога олиб тарқатган шахслар қамоққа олинди

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳридаги савдо марказларидан бирида қонга булғанган пичоқни кўтариб, икки кишининг ўлимига сабаб бўлган фуқаронинг тасвири акс этган видео ҳамда фотолавҳалар тарқалганди ва омма орасида турлича муҳокамаларга сабаб бўлганди.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизматининг маълум қилишича, шов-шувларга сабаб бўлган ушбу видео (фото) юзасидан ИИБ ходимлари текширув ишларини олиб боришган. Ваҳшийлик акс этган ушбу видеолавҳалар 3 нафар самарқандлик йигитлар томонидан тасвирга олиниб тарқатилгани маълум бўлган.

Қайд этилишича, ИИБ ходимлари ушбу фуқаролар билан аҳоли орасида бу каби зўравонлик ва шафқатсизлик акс этган лавҳаларни тарқатмаслик юзасидан тушунтириш ишларини олиб бориш учун борган пайтда улар ИИБ ходимларига фаол қаршилик кўрсатишган.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, профилактик тушунтириш ишлари олиб борилган ва Самарқанд шаҳар маъмурий ишлар бўйича суди томонидан учала йигитга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Шунингдек, Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабарида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 189-1 ва Жиноят кодексининг 130-1-моддаларига кўра, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш учун жавобгарлик белгилангани эслатиб ўтилган.