Самарқандда бўладиган ШҲТ саммитига тайёргарлик ишларида 7,4 миллиард сўм талон-торож қилинди

Самарқандда бўладиган ШҲТ саммитига тайёргарлик ишларида 7,4 миллиард сўм талон-торож қилинди

Бош прокуратура томонидан Самарқанд шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар раҳбарларининг навбатдаги саммитини (2022 йил) ўтказишга тайёргарлик борасида амалга оширилаётган қурилиш-ободонлаштириш ишлари ўрганилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 мартдаги қарори билан Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳузурида Ободонлаштириш ва фаровонликни ошириш жамғармаси ташкил этилган. Жамғарма ҳисобидан вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси буюртмачилигида ҳудудий инфратузилмани яхшилаш ва ободонлаштириш мақсадида сув таъминоти ва канализация, ички йўллар, ижтимоий объектлар каби 10 та йўналишда қурилиш ва таъмирлаш, моддий-техник базани мустаҳкамлашга қаратилган тадбирлар олиб борилмоқда.

Қурилишлар ўрганилганда жамғарма ҳисобидан давлат харидларини амалга оширишда қонунчилик талабларига тўлиқ риоя этилмаётгани аниқланди.

Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 сентябрдаги 783-қарорига асосан тузилган рўйхатдаги автомобиль йўлларига оид 4 та, ичимлик ва оқова сув тармоқларига оид 8 та объект қурилиши ноқонуний равишда, яъни пудратчиларни тендер орқали аниқламасдан, лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш билан биргаликда олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, вилоятдаги объектлар қурилишида маблағдан тўғри фойдаланилиши устидан молиявий назорат ҳамда қурилиш меъёрлари ва қоидаларига риоя этилиши устидан техник назорат тўғри ташкил этилмаган. Бу эса ажратилаётган пулларнинг талон-торож қилиниши, ишларнинг сифатсиз бажарилишига сабаб бўляпти. Ҳозир аниқланган ҳолатлар юзасидан 5 та жиноят иши қўзғатилиб, тергов ўтказилмоқда.

Мисол учун, Самарқанд шаҳар Афросиёб кўчасининг 1,9 километрлик қисмида “F.G.” МЧЖ ичимлик ва оқова сув тармоқларини ўрнатган, “С.Й.» УК кўчанинг айни шу қисмига асфальт ётқизган. Бироқ 2020 йилнинг апрель ойига келиб йўлда кўплаб нотекисликлар ҳосил бўлиб, ётқизилган асфальт яроқсиз аҳволга тушиб қолган.

Сув тармоқларини тортиш ҳамда асфальт ётқизишнинг қонунийлиги ўрганилганда, пудратчилар тендер ўтказмасдан танлангани, қурилиш лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан параллель равишда, экспертизадан ўтказилмасдан туриб олиб борилгани аниқланди. Шунингдек, оқова сув тармоғини тортишда қурилиш меъёрлари қўпол равишда бузилган. Жумладан, 85 млн. сўм пул қўшиб ёзиш орқали талон-торож қилинган. Бундан ташқари, жамғарма ҳисобидан қурилиш, таъмирлаш, ободонлаштириш ишларини бажаришда жами 7,4 млрд. сўм пул талон-торож қилингани ва нотўғри сарфлангани аниқланди.

Қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш жараёнида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан қатъий назорат ўрнатилди.