Самарқандда "ҳалол" стандартли меҳмонхона қурилмоқда

Самарқандда

Самарқанд вилояти Паяриқ туманида "ҳалол" стандартига тўлиқ жавоб берадиган меҳмонхоналар мажмуаси барпо этилмоқда. Бу ҳақда Самарқанд вилояти туризмни ривожлантириш департаменти хабар қилади.

Еттита 3 ва 4 юлдузли меҳмонхоналар мажмуаси Имом Ал-Бухорий зиёратгоҳи яқинида қурилмоқда.

Ҳудуддаги энг йирик меҳмонхона лойиҳаси Индонезиянинг Sahid Group ташкилоти билан маҳаллий SAG компанияси ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Бу комплекслар 91 хона, 200 ўринга мўлжалланган бўлиб, 4 юлдузли меҳмонхона стандартларига тўлиқ жавоб берадиган ресторан, конфереция заллари ҳам ташкил этилади.

Sahid Group Ўзбекистон меҳмонхона бизнеси учун бегона компания эмас. Гуруҳнинг илк меҳмонхонаси Самарқанд шаҳрида Sahid Royal Place Samarkand номи билан очилган эди.

Иккинчи меҳмонхона Бухорода жорий йилнинг феврал ойида фойдаланишга топширилди. У Sahid Zarafshon Bukhara деб номланади.