Самарқандда коронавирус олтита ўчоқ орқали тарқалган – ССВ

Самарқандда коронавирус олтита ўчоқ орқали тарқалган – ССВ

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг хабар беришича, Самарқанд вилоятида сўнгги кунларда коронавирус инфекцияси аниқланганлар сони сезиларли даражада ошганини кузатиш мумкин. Таҳлилларга кўра, вилоятда касаллик, асосан, олтита ўчоқ орқали тарқалганини кўриш мумкин.

Жумладан, биринчи ўчоқ Тойлоқ туманида, иккинчи ўчоқ Оқдарё туманида, учинчи ўчоқ Пайариқ туманида, тўртинчи ўчоқ Иштихон туманида, бешинчи ўчоқ Самарқанд шаҳри ва олтинчи ўчоқ халқаро юк ташиш автомашинаси ҳайдовчиси билан боғлиқ.

Сўнгги 14 кун ичида вилоятда 156 нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланган. Биргина 12 май куни 19 нафар ва 15 май куни 23 нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аниқлангани вилоятдаги вазиятнинг нақадар жиддий эканини кўрсатмоқда.

Бугунги маълумотларга кўра, Самарқанд вилоятида яна 19 нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланган. Айни ҳолатга кўра, вилоятда аниқланган беморлар сони 261 нафарни ташкил этиб, соғайганлар 154 нафарни (бугун 10 нафар бемор соғайган) ташкил этмоқда. Ҳозирда даволанаётган беморлар сони бўйича эса Тошкент шаҳридан (293 нафар бемор даволанмоқда) кейин Самарқанд вилояти (106 нафар бемор даволанмоқда) иккинчи ўринда турибди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўз мутахассислари билан биргаликда Самарқанд вилояти, шунингдек, бошқа коронавирус инфекциясига чалинганлар аниқланаётган ҳудудларда карантин қоидаларини кучайтириш, маҳаллий ҳокимликлар, Миллий гвардия, Ички ишлар ходимлари каби қатор муассасалар билан биргаликда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, беморларни самарали даволаш ҳамда карантиндаги фуқароларни тиббий кузатувга олишни янада самарали йўлга қўйиш борасида изчил фаолият олиб бораётганини маълум қилди.

Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги мутахассислари, Тошкент тиббиёт академияси профессор-ўқитувчиларидан иборат гуруҳ Самарқанд вилоятига сафарбар этилиб, беморларни халқаро стандартлар асосида даволаш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилди.