Самарқанддаги Улуғбек мадрасасида Бухоро яҳудийлари делегацияси учун тантанали кеча уюштирилди

Самарқанддаги Улуғбек мадрасасида Бухоро яҳудийлари делегацияси учун тантанали кеча уюштирилди

10 сентябрь куни Facebook’даги гуруҳларда Самарқандда жойлашган Улуғбек мадрасасида бўлиб ўтган тадбир видеоси тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Видеони тарқатган фойдаланувчиларнинг изоҳига қараганда, мадрасада шахсий тартибда туғилган кун нишонланган. Туғилган кун ҳақидаги гаплар ижтимоий тармоқлара фойдаланувчиларининг ғазабини қўзитиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Аслида нима бўлганини ўрганиш учун «Дарё» нашри суриштирув ўтказди. Аниқлашимиз бўйича, Улуғбек мадрасасида туғилган кун эмас, маданий кеча уюштирилган.

Регистон дирекцияси тадбир вилоят ҳокимлиги топшириғи билан ўтганини айтди. Ҳокимлик вакиллари буни инкор этди.

Регистон ансамбли мустақил дирекцияси илмий ишлар бўйича директор ўринбосари Азамат Саматов билан боғланиб, ушбу видео бўйича изоҳ сўрадик. У Улуғбек мадрасасида туғилган кун эмас, расмий тадбир ўтказилганини маълум қилди.

Азамат Саматов берган маълумотга қараганда, 4 сентябрь куни Самарқандга АҚШ ва Канада Бухоро яҳудийлари конгресси делегацияси ташриф буюрган. Меҳмонлар билан қатор учрашувлар ўтказилган, шу жумладан, уларни вилоят ҳокими қабул қилган. Тадбирлар дастури доирасида Регистон майдонида маданий кеча уюштирилиши режалаштирилган. Тантанали кеча 8 сентябрь куни ўтказилган. Кеча матбуотда ёритилмаган, аммо иштирокчиларнинг ўзи видео олиб, интернетга чиқариб юборган. Видео Facebook’даги «Самарканд и самаркандци» гуруҳида чоп этилиб, муҳокамаларни келтириб чиқарган.

Директор ўринбосарининг таъкидлашича, кечада спиртли ичимликлар истеъмол қилинмаган. Шунингдек, мусиқа баландлиги 90 децибелдан ошмаслиги таъминланган (баланд мусиқа биноларга зарар келтиради, айниқса тарихий бинолар бундан кўп азият чекади). Тадбир учун дирекцияга ёки алоҳида шахсларга ҳеч қандай тўлов қилинмаган.

Дастлаб Азамат Саматов тадбир Самарқанд вилояти ҳокимлигидан чиққан расмий хат асосида уюштирилганини айтди. Буни тасдиқлаб олиш учун Самарқанд вилояти ҳокими матбуоти котиби Манучеҳр Мирзаев билан боғландик.

Матбуот котиби Регистон ансамбли дирекцияси вакили берган маълумотни тасдиқламади. У дирекцияга чиқарилган хатни кўрмаганини таъкидлади. «Бундай хат сиздан бехабар чиқиб кетиши мумкинми?» деган саволимизга «Ҳа» деб жавоб берди.

«Дарё»: Демак, бу тадбир сиздан бехабар ўтказиб юборилиши мумкинми?

Манучеҳр Мирзаев: Йўқ, қўлимда делегацияни кутиб олиш бўйича тадбирлар дастури бор. Унда Регистон ансамблида тантанали қабул ўтказилиши назарда тутилмаган. Вилоят ҳокимлигининг тантанали қабули концерт дастури билан бирга Regal Palace меҳмонхонасида ўтказилган.

«Дарё»: Тадбирларни ташкил этишга қайси бўлимлар масъул? Сизнинг бўлимингиз қандай вазифаларни бажаради?

Манучеҳр Мирзаев: Ташкилий назорат гуруҳи ҳамда «управдел» бундай нарсаларга масъул. Мен ҳам топшириқ қаердан кетганини суриштиряпман, ҳозирча «управдел» билан боғландим, у ҳам бехабарлигини айтди. Бизнинг бўлим эса тадбирларни ёритишга, матбуот билан алоқаларга масъул.

«Дарё»: Агар дастурнинг айнан шу банди матбуотда ёритилиши кўзда тутилмаган бўлса, унда балки банд сизнинг қўлингиздаги дастурга киритилмагандир?

Манучеҳр Мирзаев: Бундай бўлиши мумкин эмас, дастур ҳамма учун битта бўлади.

«Дарё»: Демак, Улуғбек мадрасасидаги қабулга вилоят ҳокимлиги алоқадор эмас?

Манучеҳр Мирзаев: Шундай, унда бизнинг вакиллар иштирок ҳам этмаган.

Шу билан бирга, Регистон ансамбли мустақил дирекцияси директори Хонқул Самаров кечада ҳокимлик вакиллари ҳам қатнашганини таъкидлади. У, шунингдек, топшириқ вилоят эмас, шаҳар ҳокимлигидан келганини айтди.

Тантанали кеча синагоганинг илтимосига биноан ташкил этилган

Масалага аниқлик киритиш учун Азамат Саматов билан қайтадан боғланганимизда, у гап қандай хат ҳақида кетаётганига ва топшириқ кимдан келганини тушунтирди. У бизни хатнинг тўлиқ матни билан таништирди.

Самарқанд яҳудийлари диний жамияти – Ор-Авнер синагогаси (халқ орасида Канесои Гумбаз деб юритилади, туристлар орасида Гумбаз Сйнагогуэ сифатида машҳур) 19 август куни вилоят ҳокимлигига хат билан мурожаат этиб, 7–8 сентябрь кунлари Регистон майдонида иккита тадбир – концерт ва тантанали кеча ўтказишга кўмак беришни сўраган. Ҳоким резолюцияси билан хат ижроси бир қанча ташкилотларга, улар қаторида вилоят маданият бошқармасига топширилган. Бошқарма ўзига бўйсунувчи Регистон ансамбли мустақил дирекциясига хатни чиқарган.

Биринчи тадбир – концерт ўтказилмаган, иккинчиси – тантанали кеча эса ўша ижтимоий тармоқлар муҳокама қилаётган видеода акс этган.

Шундай қилиб, тадбир вилоят ҳокимлигининг дастури доирасида эмас, Самарқанд яҳудийлари ташаббусига кўра ўтказилган, шу боис дастурдан ўрин олмаган бўлса керак. Айни пайтда, унинг ўтказилишига вилоят ҳокимлиги рухсат берган, яъни ҳокимлик тадбирдан хабардор бўлган.

Мадрасада ўтказилган кечани қандай баҳолаш керак?

Суҳбат давомида масъулларнинг Facebook’да бўлаётган муҳокамаларга, хусусан, салбий изоҳларга муносабати билан қизиқдик.

Биз билан суҳбат қурган Хонқул Самаров амалдорлар мадрасада маданий кечалар уюштирилиши ижобий ҳолатлигини, улар Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшишини, бошқа шаҳарларда, хусусан, Бухорода бундай тадбирлар тарихий объектларда тез-тез ўтказилишини таъкидлаб ўтди.

Бундан ташқари, Азамат Саматов нега бу воқеа ижтимоий тармоқларни жунбушга келтирганини тушуна олмаётганини таъкидлади. У Ўзбекистон кўп миллатли давлат эканлигини, бу каби кечалар эса бирор салбий оқибатларга олиб келмаслигини билдириб ўтди.

3885