Самарқандлик эр хотинини ўлдириб, ўз уйини ёқиб юборди

Самарқандлик эр хотинини ўлдириб, ўз уйини ёқиб юборди

Иллюстратив фото

Самарқанд вилоятида яшовчи эр-хотин ўртасидаги жанжал хонадон бекаси вафот этиши билан якунланди. Бу ҳақда Zoʼr TV телеканалидаги информацион дастурга таяниб Daryo.uz хабар берди.

Маълум қилинишича, Самарқанд шаҳар Ёнғин хавфсизлиги хизматига мурожаат «Хўжасоат» МФЙда 122-уй ёнаётгани хабари келиб тушади. Ёнғин-қутқарув бўлими ходимлари ҳовлига кирганда, хонадонда аёл жасади аниқланади. Сўнгра тегишли органларга бу ҳақда хабар қилинган.

Аниқланишича, бу уйда яшовчи эр-хотин ўртасида жанжал келиб чиққан. Жанжал оқибатида эр хотинини жонига қасд қилган. Сўнгра бензин ёрдамида уйига ўт қўйган.

Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар прокурори томонидан фуқаро Мўминов Мўминжон Гулямовичга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган. 2020 йил 10 август куни Мўминов Мўминжон гумонланувчи сифатида терговга жалб қилинган.

Тергов ҳаракатлари давомида аниқланишича, гумонланувчи 20 йил илгари ҳам Жиноят кодексининг 97-моддаси билан судланган. У ўшанда ёнидаги пичоқча билан хотинига тан жароҳати етказган ва 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Гумонланувчига нисбатан 2020 йил 11 август куни Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан айб эълон қилиниб, унга нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган.