Самарқандлик эркак қизларнинг номидан профил очиб, қизларни чув туширди

Самарқандлик эркак қизларнинг номидан профил очиб, қизларни чув туширди

Самарқандлик алфонс (аёллар қўлига қараб қолган эркак)га суд ҳукми ўқилди. У хотин-қизларни алдаб, турли миқдордаги пулларини ўзлаштириб юборган.

Энг ёмони, судланувчига бунгача ҳам суд ҳукми билан жазо тайинланган. Инсонпарварлик тамойиллари асосида унинг жазоси қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазо тури билан алмаштирилган. Бироқ у бундан ўзига тўғри хулоса чиқармаган.

Самарқанд тумани Рустам қишлоғида яшаган бу йигитнинг ўтмиши билан танишаркансиз, беихтиёр “Букрини гўр тўғрилайди”, деган нақл ёдга келади. Негаки, навбатдаги жиноят иши саноқ бўйича нечанчиси эканлигига ўзи ҳам адашиб кетиши мумкин.

Бу сафар у ижтимоий тармоқ имкониятларидан фойдаланган. Қайсики, “Одноклассники” тармоғида қиз боланинг исми билан аккуант очиб, ўзига тўқ оила қизлари билан “дугоналашиб” бораверади. Улар орасида Нозима (исм, фамилиялар шартли) билан муносабатлари анча қалин тус олади.

Одатий кунларнинг бирида Нозимага акаси – аслида ўзини АҚШда ишлашини, у оиласи билан ажрашгани учун келин излашаётганини билдиради. Тўғри, Нозима ҳам бирдан еттинчи осмонга учиб кетмаган. “Акам билан учрашиб кўрмайсизми?”, деган саволга “Келаверсинлар-чи, кўрамиз”, деб жавоб қайтаради.

Аммо фирибгарнинг найранглари иш бера бошлаганди.

- Нозимамисиз, ассалому алайкум, мен Зарнигорнинг акасиман?

Пўрим кийинган йигит, камига АҚШдан келган “шаҳзода” Нозимани шошириб қўйди. Шу кундан кейин улар яна икки-уч бор учрашишди.

Кейинчалик, Шуҳрат ўз режаларининг навбатдаги босқичига ўтди. Зарнигорга “Малибу” олиб бераётган, бошқа бир синглисига ҳовли кўтараётгани учун Нозима билан учрашишга вақти бўлмаслигини айтади.

Табиийки, бу ҳолат Нозиманинг Шуҳратга қизиқишини янада оширган. Шу боис, кейинчалик зарурат туфайли қисқа вақтда қайтараман, деб қанча пул сўраса, берадиган бўлди. Аммо ҳар нарсада меъёр бўлгани яхши. Буни Нозима ҳам яхши биларди.

Шуҳратнинг сўровларининг охири кўринмаётгани, олган пулларини қайтариш ҳақида мутлақо гап очмаслиги унда шубҳа уйғота бошлади.

- Нози, илтимос, 300 доллар бериб тургин авария қилиб қўйдим, қарши тараф 7-ГООМга ариза бериб юборибди.

Бу Шуҳратнинг охирги найранги бўлиб қолди. Нозиманинг ИИБга берган аризаси туфайли Шуҳрат қўлга олинди. У барча қилмишларини тан олди. Суд унга 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаб, жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташликни белгилади.

Нозиманинг фирибгарлик билан қўлга киритилиб, ўзлаштириб юборилган пуллари Шуҳратдан ундириладиган бўлди.

Толиб Бойзоқов, вилоят суди раисининг ўринбосари

Фаррух Саматов, жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси