Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Санкт-Петербург метросидаги портлашда судга тортилганлар айбловларни рад этмоқда (видео)
21.11.2019 17:04,  
1238

Санкт-Петербург метросидаги портлашда айбланганлардан тўрт нафарига прокурор умрбод қамоқ жазоси берилишини сўради

Прокурорнинг фикрича, террор ҳужумини ташкиллаштиришда айбланган Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан бўлган ака-ука Аброр ва Акрам Азимов, шунингдек, яна икки қирғизистонлик Муҳаммадюсуф ва Иброҳимжон Эрматов умрбод қамоқ жазосини олиши керак.

Улар 2017 йил 3 апрел куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри метросидаги портлашни уюштирганликда айбланяпти. Ўшанда бу портлаш натижасида 16 киши ҳалок бўлган.

Айни иш бўйича 11 киши судга тортилган бўлиб, уларнинг барчаси айбловларни рад этяпти.

2017 йил 3 апрелда Россиянинг иккинчи йирик шаҳри бўлган Санкт-Петербург метросида, ўша йил декабрида эса шаҳардаги “Перекресток” дўконида йирик портлаш – террорчилик ҳужуми бўлиб, бунинг оқибатида 16 киши ҳалок бўлиб, 126 киши жароҳатланган. Аммо бу террорчилик ҳужумлари ҳам, ундан кейин бошланган тергов ҳаракатлари ҳам бир қатор саволларни уйғотди.

Қуйида бу мавзуга тааллуқли 13 та ғалати, савол уйғотувчи, аммо жавоби берилмаган ҳолатни бир тизимга тизиб чиқилди:

Демак, 2017 йил 3 апрел куни соат 14:33 да Петербург метросида портлаш содир бўлди, унинг натижасида 16 киши ҳалок бўлиб, 49 киши жароҳатланди. Айни шу дақиқаларданоқ бир-бирини инкор қилувчи хабарлар пайдо бўла бошлади.

1. Сохта террорчилар.

Ахборот нашрлари дастлаб ҳуқуқ-тартибот органларига таяниб бошқирдистонлик юк машинаси ҳайдовчиси, ўша вақтда Санкт-Петербургдаги масжиддан қайтаётган Илёс Никитинни ҳужум айбдори қилиб кўрсатди. Бироқ у ўзининг айбсизлигини исботлаш учун бир неча соатдан кейин полицияга бориб буни инқор қилди.

3 апрелдан 4 апрелга ўтар кечаси қозоғистонлик Максим Аришев бу ҳужумни уюштиргани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Аммо кейинчалик аниқланишича, у айбдор эмас, ҳужум қурбони бўлиб чиқди.

Ундан кейин Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан бўлган 22 ёшли Акбаржон Жалилов айбдор деб кўрсатилди. Аммо унинг Ўшдаги қариндошлари йигитнинг дунёвий оиладан чиққани, диндор бўлмагани, беш маҳал намоз ўқимагани, ёшлигидан рус тилини яхши билгани ҳақида гувоҳлик беришди.

2. Иккита портлаш ҳақида хабар

Террорчилик ҳужумидан кейинги биринчи соатда Россия ОАВда метрорда иккита портлаш бўлгани ҳақида айтилди. Ахборот нашрлари фикрича, бу маълумот “ўта ишончли манбалар” – Фақулодда вазиятлар вазирлиги, Тергов қўмитаси ва Миллий антитеррор қўмитасидан олинган.

Орадан яна бир соат ўтгач хабарлар ўзгарди: битта портлаш бўлган, “Инқилоб майдони” бекатидаги иккинчи портловчи қурилма ўз вақтида зарарсизлантирилган.

3. “Инқилоб майдони” бекатида портловчи қурилма қачон топилгани ҳақидаги хабарларнинг чалкашлиги

“Инқилоб майдони” метро бекатида портловчи қурилма топилгани ҳақидаги биринчи хабар ВКонтакте ижтимоий тармоғидаги гуруҳлардан бирида 2017 йил 3 апрел, соат 14:21 да пайдо бўлди. Хабар 14:21 да пайдо бўлгани билан унга бириктирилган сурат 14:06 да юкланган эди. “Деловой Петербург” нашри ходимлари суратни юклаган Денис Чебикинга боғланишганида у телефонида сурат туширилган вақт 14:01 ни кўрсатаётганини айтди.

Аммо Федерал Хавфсизлик Хизмати Петербург бошқармаси ОАВга берган маълумотда бомба “суратга олинганидан” 59 дақиқа кейин, 15:00 да топилгани айтилган.

Нима учун ФХХ “Технологик институт” бекатига қараб кетаётган метро вагонида портлаш бўлишидан камида 32 дақиқа олдин “Инқилоб майдони” бекатида портловчи қурилма топилганини бекитишга уринди?

4. Иккинчи бомбани ким зарарсизлантирди?

Иккинчи бомбани ким зарарсизлантиргани ҳақида ОАВ бир-биридан бутунлай фарқ қилувчи икки хил хабар тарқатди:

1) Россия Мудофаа вазрлигига қарашли “Звезда” каналида 3 апрел куни тушдан кейин бомбани Росгвардия ходими зарарсизлантиргани ҳақида айтилди. “Бахтли тасодифга кўра у бомбанинг тури ва уни зарарсизлантириш йўлини билган” экан. РЕН ТВ ва “Московский комсомолец” нашрлари ҳам айни хабарни такрорлади.
2) Соат 15:00 дан кейин яна бошқа хабар пайдо бўлди: бомбани Росгвардиянинг ОМОН бўлинмаси муҳандислик-техник бўлими ходимлари зарарсизлантирган экан. Орадан бир кун ўтиб, 4 апрелда НТВ телеканалида бомбани “ОМОНнинг катта муҳандис-сапёри Максим зарарсизлантиргани” ҳақида лавҳа берилди. Бир кун олдинги “Росгвардия ходими” ҳақидаги хабарлар тезда унутилиб кетди.

5. Террорчилик ҳужуми мухолифатнинг оммавий намойишларидан кейин содир бўлди

Бу ҳужумдан 8 кун олдин, 2017 йил 26 мартда Москвада сўнгги беш йилдаги энг катта норозилик намойиши бўлган, унда расмийларга кўра 600 киши, ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра 1000 дан ортиқ намойишчи ҳибсга олинган эди. Бутун мамлакат бўйлаб турли маълумотларга кўра 32 мингдан 92 минггача киши намойишларга чиққан.

3 апрелда Петербургда портлаш бўлди, эртасигаёқ Путин барча минтақа раҳбарларига тавсиянома йўллаб “8 апрел куни одамларни террорчиликка қарши намойишга олиб чиқишга” ундади. Кремл кўрсатмасига кўра парламентдаги барча партиялар намойишларда қатнашди, намойишларнинг ўзи эса Россиядаги йирик шаҳарларнинг ҳаммасида ташкиллаштирилди.

6. ИШИД портлаш учун масъулиятни ўз зиммасига олмади

ФХХ бошиданоқ Акбаржон Жалилов ИШИД аъзоси бўлгани, унинг Туркия орқали Сурияга бориб қайтгани, махсус кўрсатма билан бу ҳужумни уюштиргани ҳақида батафсил ахборот берди. Аммо дунёнинг турли нуқталаридаги ҳужумлар ўзига тегишли эканини зудлик билан эълон қиладиган ИШИД орадан шунча вақт ўтганига қарамай бирон марта ҳам Санкт-Петербургдаги портлаш масъулиятини ўз зиммасига олмади.

7. Орадан уч ҳафта ўтганидан кейингина қандайдир номаълум гуруҳ бу портлаш учун масъулиятни ўз зиммасига олди

2017 йил 25 апрелда ОАВда номи шу вақтгача ҳеч кимга таниш бўлмаган қандайдир “Имом Шомил катибаси” номли гуруҳ Петербургдаги портлашни ўз зиммасига олгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди, унинг “Ал-Қоида”га алоқадорлиги айтилди. Аммо бу гуруҳ ҳақида очиқ манбалардан маълумот топиб бўлмади, соҳа мутахассислари ҳам у ҳақда билмасликларини айтишди.

Портлаш ва унга масъулликни “эътироф этиш” орасидаги бу қадар катта фарқ ҳам шубҳа уйғотди: бу террорчиларнинг баёнотими, ёки уларнинг номидан берилаётган кимнингдир гапими?

8. Террорчининг шериги деб гумонланганлар ҳужумдан икки кун кейин ҳам ўз уйида бомба сақлаб келгани даъво қилинди

2017 йил 6 апрелда ФХХ ва ИИВ ходимлари Санкт-Петербургдаги портлашга алоқадорликда айблаб 6 кишини ҳибсга олди ва уларнинг ҳужумга алоқадорлиги эълон қилинди. Шунингдек, бу уйдан қўлбола портловчи қурилма топилгани ҳам хабар қилинди. Терговчиларга кўра улар бу олти кишини Акбаржон Жалиловнинг телефонидаги қўнғироқлар орқали аниқлашган.

Ғалати ҳолат юзага чиқди: айбланувчилар портлашдан икки кун ўтган ва Жалилов билан алоқадор бўлишларига қарамай икки кун давомида яшаб турган уйларида портловчи қурилмани бамайлихотир сақлаб келган. Яна улар Жалилов билан алоқада бўлган ҳар қандай киши сўроққа тутилишини била туриб Петербургдан чиқиб кетмаган. Яъни, ёки бу одамлар ўта аҳмоқ, ёки ўзлари айтгандек бомбани ФХХ ходимлари уларнинг уйига ташлаб қўйган.

9. Айбланувчиларни ҳимоя қилиш учун айблов томонига ишлайдиган адвокатлар тайинланди

Санкт-Петербургдаги террор ҳужуми бўйича жами 10 киши ҳибсга олинди. Уларнинг барчасига давлат томонидан Россия адвокатлари орасида ёмон ном қозонган ҳимоячилар берилди. Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, “Бу адвокатлар бор жойда прокурорга ҳожат йўқ”. Яъни, улар ҳимоя қилишдан ҳам кўра айблашни яхшироқ бажаради.

10. Азимовларни ҳибсга олиш бўйича олинган видеотасвирлар ва тузилган протоколлар сохталаштирилди

Тергов гуруҳига кўра Петербургдаги портлашни уюштириш бўйича асосий айбдор деб апрел ойининг ўрталаридан ака-ука Азимовлар – Аброр ва Акрам гумонлана бошлади.

Федерал Хавфсизлик Хизматининг баёнотига кўра, Акрам Азимов 19 апрел куни Янги Москвада ҳибсга олинган. Унинг ёнидан РГД-5 гранатаси топилган. Аммо унинг онаси, Вазира Азимовага кўра яқиндагина жарроҳлик амалиётидан чиққан ўғли Акрамни ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари 15 апрел куни Қирғизистоннинг Ўш шаҳридаги касалхонадан номаълум томонга олиб кетишган. Яъни, амалда уни ФХХ ходимлари ўғрилаб кетиб, кейин гўёки жиноят қуроли билан қўлга туширгандек бир вазиятни кўрсатишган.

Унинг акаси Аброр билан шунга ўхшаш ҳолат содир бўлган: дастлаб ФХХ ходимлари уни 4 апрел куни ҳибсга олган, орада 13 кун ФХХнинг махфий ҳибсхонасида ўтирганидан кейин Аброрни 17 апрел куни яна қайтадан “қўлида Макаров тўппончаси билан ҳибсга олишган”.

11. Ака-ука Азимовлар ҳибсга олинганидан кейин қийноққа тутилган

Ака-ука Азимовлар икки марта ҳибсга олинган: биринчиси ҳеч қандай видеоёзувларсиз бўлган, ФХХ ходимлари бир неча кун давомида уларни ноқонуний сўроққа тутган, айбланувчиларнинг кейинчалик айтишича, улар бу вақтда қийноққа солинган, айбдорлиги ҳақида кўрсатма бериши учун электр токи билан азобланган, хотинини зўрлаш ва болаларини ўлдириб юбориш билан қўрқитилган.

2017 йил 18 апрелда Аброр Азимовни ҳибсда сақлаш муддати бўйича суд бўлган. Судя ундан “Тергов давомида қамоқда сақлашдан бошқа бирон енгилроқ эҳтиёт чораси қўллашимизни хоҳлайсизми?” - деб сўраганида Аброр Азимов “Йўқ” деган. Ўз-ўзидан савол туғилади: муқаддам жисмоний ва руҳий тазйиққа солинмаган қандай инсон ўз ихтиёри билан қамоқда ўтиришга рози бўлади?

12. Азимовларнинг адвокатларига ҳимоясидагиларни кўришга рухсат берилмаган

Адвокатлар Олга ва Дмитрий Динзега кўра, улар бир ҳафтадан ортиқ ўз ҳимояси остидаги шахсларни кириб кўра олишмаган. Шундай қилиб, терговчилар Азимовлар расман ҳибсга олинганидан кейин ҳам деярли бир ой давомида айбланувчиларга босим ўтказиш имконига эга бўлган.

Адвокатларнинг ишига қаршилик қилиш кейин ҳам давом этди: 2017 йил июл ойи охирида ФХХ ходимлари тергов изоляторига кириб, Азимовлардан ўзлари олган ҳимоячилардан воз кечиш ва давлат тайинлаган ҳимоячилар хизматидан фойдаланиш борасида босим ўтказган.

13. Адлия вазирлиги Акрам Азимовнинг адвокати Олга Динзега босим ўтказди

2017 йил 3 августда Москвадаги “Лефортово” тергов изолятори ходимлари Акрам Азимовнинг адвокати Олга Динзени уч соат давомида ушлаб турган, ундан ҳимояси остидаги шахснинг кўрсатмаларини беришни талаб қилишган.

2017 йил ноябрида Адлия вазирлиги Олга Динзени қайта малакалашни талаб қилди. Тўсатдан бундай талаб қўйилиши унинг террорчиликда айбланаётган шахсни ҳимоя қилаётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

1999 йили Буйнакск, Москва ва Волгодонскдаги портлашлардан кейин террорчилик ҳужумлари Россия режимининг обрўсига соя соладиган бўлиб қолди. Бундай ҳужумлардан кейин мустақил кузатувчиларда пайдо бўладиган ҳар қандай шубҳа эса ҳокимият фойдасига ишламайди.

Юқорида келтирилган 13 та ҳолатнинг ҳар бири алоҳида олиб қаралганда 2017 йил 3 апрелда Санкт-Петербург метросида содир бўлган портлашдан кейин терговчилар одинга сурган тахминлар сохталаштирилганига исбот бўла олмайди. Аммо бу ҳолатларнинг ҳаммаси бир бутун бўлиб йиғилганида жиддий шубҳага етаклайди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан