Ўзбекистон Бош консулхонаси ОАВда тарқалган 17 сентябрга ўтар кечаси Санкт-Петербургда икки номаълум шахснинг Ўзбекистон фуқароси А.Т.га ўлдириш мақсадида ҳужум қилгани ҳақидаги хабарларни тасдиқлади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Ҳужум қилганлар газ баллончалари ва пичоқ билан қуролланиб, А. Т.га пичоқ билан бир нечта тан жароҳатлари етказиб, сўнгра ҳодиса жойидан яширинган. Ўзбекистон фуқароси шифохонага ётқизилган, унинг аҳволи ўртача оғир деб баҳоланмоқда.

Санкт-Петербург Тергов бошқармаси 17 сентябрь куни икки нафар гумонланувчининг қўлга олинганини хабар қилди. Аввалроқ «Интерфакс» агентлиги уларнинг москвалик бўлгани, бири Бауман номидаги Москва давлат техника университети талабаси, иккинчиси эса ишсиз эканини маълум қилган эди. Тергов қўмитаси маълумотларига кўра, уларнинг ҳар иккиси ҳам айбини тан олгани йўқ ва кўрсатма беришдан бош тортишмоқда.

Россия Жиноят кодексининг 105-моддасида (миллий мотивлар билан қотилликка уриниш) кўзда тутилган жиноят аломатлари билан жиноят иши қўзғатилди.

Ўзбекистон Бош консулхонаси ҳодиса юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамда жабрланувчи даволанаётган тиббиёт муассасаси билан алоқа ўрнатган.