Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Саодатсиз авлодлар фожиаси
20.11.2019 10:36,  
1081

Тан олайлик, сўнги йилларда мудҳиш воқеалар, хабарлар кўпайиб кетди. Энди ўғрилик, талон-тарож, қўни-қўшни, қариндош-уруғ низолари, ҳатто, гиёҳвандлик ҳам майда жиноятга айланиб, ўзбек аёллари янги трендда ўзларини кўрсатишга ўтишди. Қотилликлар ичида энг жирканчи — фарзандкушликка ҳам қўл ураётган хотин-қизлар сафи тобора ортиб бормоқда.

Хўш, тўққиз ой бағрида кўтариб, авайлаган арзанда боласини ўлдиришга фақат иқтисодий қийинчиликларгина сабаб бўлмоқдами? Агар, «Ҳа» десангиз янглишасиз, замондош!

Халқимиз энг қийин, энг синовли қахатчилик йилларида ҳам бунақа бешавқат бўлмаган. Меҳридарё момоларимиз, оналаримиз, инчунун! Нега ҳозир — нисбатан яхшироқ замонда қилт этмай гўдагини ҳожатга ташлаган, дарёга оқизган, бағрига игна тиқиб азоблаган, бурдалаб, қиймалаб, ёққан аёлнусха вахшийлар кўпаймоқда? Бунинг сабаби нимада?

Тўғри, иқтисодий муаммолар, йиллар давомида тўғри ишламаган тизим, ишлашни билмайдиган ёки хоҳламайдиган, порахўр, кўзи оч амалдорлар туфайли анча жиноятларларга йўл очилди. Халқнинг ҳам бевосита айби билан маънавий инқироз ботқоғига ботдик. Яна маънавиятми деманг! Сўнги пайтлар уни ура-ура шиорлар, ТВ, радио ва турли тадбирларда, минбарларда янграйдиган магзава нутқларда тўтиқушдай такрорлайвериб обрўсини тушириб ташладик. Бироқ, айнан маънавий тубанлик умумий жиноятчилик, шу жумладан хотин-қизлар ўртасида ҳам жиноятчиликни ошишига сабаб бўлганини инкор қила олмаймиз.

Нега биз китоб ўқимай қўйдик?

XXI асрда истаган асарлар интернетда бор, қоғоз титкиламасдан ҳам ўқиш мумкин дерсиз. Тўғри, зиё тарқатувчи сайтларга беғараз юкланиб, бепул тақдим қилинаётган яхши китоблар кўп. Лекин уларга қайрилиб ҳам қарамайдиган, қизиқмайдиган дангасалар минг миллионларга етди.

Телеграм, инстаграмдаги олди-қочди, ювинди хабарлар, мағзи пишмаган асарчалар яхши китоб мутолаасини кутган миямизга мажбур сингдирилди, бўктириб едирилмоқда. Натижада мия фикрлашни, самарали ишлашни хоҳламай қолди. Эринчоқ мияларга эгов бўладиган кучли асарлар, яхши китоблар майли, асабларимизга анча дам берувчи, саҳифаларидаги матн ҳажми анча кичик журналлар ҳам ёқмай қолди. Авваллари китоби кам ёки йўқ хонадонларга ҳам даврий нашрлар албатта кириб борарди. Улардан бири ҳаммамиз таниган, севиб ўқиган ва ҳар ой орзиқиб кутган «Саодат» эди.

2020 йилда 95 ёшга қадам қўядиган онахон журнал қанча хотин-қизни тарбиялади. Бир вақтлар миллионга чиққан тиражлар нега ҳозир критик даражада камайди? Нега уни аввалгидек талашиб-тортишиб ўқимай қўйдик? Наҳотки, у аввалгидек қизиқарли бўлмаса!

Ўзим туғилган шаҳарчада кичик сўровнома ўтказганимда шу нарса маълум бўлдики, ҳар икки ойда атиги 15 донагина журнал келади (салкам 100 000 аҳолиси бор!) ва одатда ўша куниёқ сотилиб кетади.

«Афсонавий «Саодат» ҳалиям борми?» деб ҳайратланганлар ҳам бўлди.

Хўш, ўша машҳур журналнинг ҳозирги аҳволи қандай? Бир вақтлар устоз шоиралар Ойдин, Ойдин Хожиева, Халима Худойбердиева, Зулфияхонимлар каби орифалар фаолият юритган, ҳар бир мақола, шеър, ҳикояни мингта элакдан ўтказган талабчан ижодий жамоа қаерда? Ўша машҳур Навоий - 30да!

Йўқ! Минг афсуски энди у бинода тахририят фаолият юргизмайди. Зиёлилари, ойдинлари эъзозлаган мамлакатларда бирорта журнал «Саодат»чалик машҳур бўлса, таҳририят ўша тарихий бинода қолдириларди. Биздачи? Миллат марваридлари ижод этган бино деворига ҳатто битта мармар лавҳ ҳам ўрнатиб қўйилмади. «Саодат» ўз муассиси бағрида бўлиши керак деб сургун қилинди. Лекин ростини айтсам, у бой хонадонга тушган қашшоқ келинга ўхшаб қолди.

Келинг, ўз кўзим билан кўрган ва эшитганларимдан қилган хулосаларимни ёзай.

Биринчидан, бино ҳашаматли бўлгани билан умуман ижодий мухит йўқ, қўмита ўз «боласи» учун ҳам шароит яратиб бермаган. Таҳририятга шовқин, келди-кетди узилмайдиган 1-қаватдан хоналар берилди. Ижодкорлар учун сокин, диловар бир муҳит сув ва ҳаводай зарур-ку!

Аслида мақоми Вазирлик билан тенглаштирилган бўлсада миллионлаб инсонларнинг эътирофига сазовор бўлган «Саодат»нинг даражаси қўмитадан анча баланд туради. Қўмитага ишловчи, унга ташриф буюрувчи юзлаб Зулфия мукофоти номзодлари буюк адибанинг меҳнати сингган таҳририятнинг тепасида, қўпол қилиб айтганда маънавий устозларининг бошида юришмайдику!

Таҳририят замонавий техника билан талаб даражасида таъминланмаган.

Ўзим хорижий сафарларда, газета ва журналлар таҳририятларида кўп бўлганим учун дарров солиштираман. Алмисоқдан қолган техника билан 20 та одамни ишини эплаётган беш кишига тан берасизу, меҳнатларига яраша рағбатлантирилмаётганларидан дилингиз ранжийди.

Муҳаррир ва бошқа ижодкор ходимлар андиша туфайли ёрилишмади, бироқ таниш фаррош аёл чидамай мижжалари намланди:

— Бир бинода, бир ташкилотда (Хотин-қизлар қўмитаси «Саодат» муассиси эканини назарда тутяпти) ишловчи фаррошлар икки хил маош олсак роса алам қилар экан. Отнинг калласидек фарқ бор. Худди яхши тозалай олмаётгандай ярақлатиб чиқаман. На байрам, на ҳайитда қўмита бизни эсламайди. Жамоамизда бева, фарзандларини ёлғиз катта қилаётган аёллар ҳам бор. Бир бухонка нархи 2000 сўмга яқинлашиб қолсаю, меҳнатимизга яраша маош олмасак.

Унинг гапига ишонгим келмай асл вазиятни билиш учун қўмитани полини ювадиган ҳамкасбига юзландим:

— Ойлигимиз « Саодатчи»лардан баланд. Рағбатлантириб ҳам туришади.

Тавба, ростдан ғалатию! Муассис камбағал, қашшоқ ташкилот бўлса майли. Ҳисобида етарли маблағи бор қўмита қанотидаги яна олтита одамга одамдай муомала қила олмайдими?

Бир вақтлар миллионлаб тиражда нашр этилган «Саодат» энди ҳеч кимга керак эмасдай атиги 7000 нусхада нашр этиляпти. Бу кўрсаткич билан бошқа журналлар ичида ғолиб ҳам экан! Нега бунча кам? Авваллари Ростонбуви кириб бормаган хонадон кам эди. Кўп оилавий можаролар, жанжаллар хозиргидай кўпхаржли ток-шоуларда достон қилинмас, чунки Ростон буви уйдаги жанжални кўчага опчиқишга ҳожат қолдирмас эди.

Эсимда, кичкина эдик. Мутоалага «Саодат»ни севган Бахри хола журнал келишидан бир кун олдин ҳамма ишларни бадастир қилиб, сочларини ювиб, тараб, астойдил тайёргарлик кўрар, қўшнимиз рахматли Қундуз хола эса «Саодат»ни варақлаб мақтаниб ҳам қўярди:

— Кўрсатувлардан « Оталар сўзи» ва журналлардан «Саодат»гагина хафтада қоплаб мактублар келармиш. Ўзим кўрганман: Зулфияхонимни иккита байроқчали ҳукумат мошинаси олиб юрарди. Маликалардай эъзозлашарди. Опани бормаган мамлакати қолмаган.

«Саодат» ҳам роса эркатой эди. Эсимда, туғруқхонага журнални янги сонини вақтида олиб бормагани учун дадамдан аразлаган онам бир хафта қовоқ-тумшуқ қилган, на чиройли гулдаста, на бежирим қутидаги шоколадларга эримаган эди. Ўша пайтлар аёллар қадами етадиган ҳар қандай идорада охорлигина дастурхон ёпилган столда бир ваза гул ва журналнинг икки-уч йиллиги чиройли тахланиб турарди. Қўлма-қўл ўқилаверганидан титилиб кетган сонлари ҳам ташлаб юборилмасди. Ҳозир-чи?

Худди юртимиз хотин-қизлари ўқийвериб билимли, саодатли бўлиб кетгандай тираж ўлди. Адашмасам, 2007 йилдан бери журнал икки ойда битта чиқади. Балки зерикарли, ўқиб бўлмайдиган даражадаги савияга тушиб қолганмикан деган ўйга борсангиз адашасиз. Қайтанга охирги йиллар унинг саҳифаларидаги рукнлар аввалгидан ҳам бойиди. Мавзулар ранг-баранг, ўқиб зерикмайсан. Шахсан ўзимга «Бир ховуч дур», «Аёл ва сиёсат», «Адабиёт дурдоналари», «Эъзоз» рукнида берилаётган мақола, ҳикоя, ҳикматли сўзлар, машҳур алломаларни дунёга келтирган оналар ҳақидаги гўзал ҳикоялар жуда ёқди. Ўша машҳур Ростон буви ҳам ўрнида. Хуллас болалигим, ёшлигимдаги «Саодат»дан ҳеч ҳам қолишмайди.

Журнални тайёрлаётган жонкуярларнинг олдида таъзимдаман. Чунки юз фоиз аминман, аввалги эхтиромлар, давлат томонидан кўрсатиладиган иззат-икромлар йўқ. Капотида иккита байроқчали ҳукумат мошиналари, хориж сафарлари, вилоятдан келган ижодкор ходимларга уй-жой ва бошқа шароитларни қўя туринг, фаррош хола айтгандай боласини қорнини тўйдиришга етарли маошлари ҳам йўқ.

Гўё мамлакатда барча хотин-қизларнинг муаммоси ҳал бўлиб, аёллар бахт-саодатли бўлиб кетгану, энди бу нашрни мутлақо кераги йўқ!

Тўғри биргина журнал ўқиш билан тарбияланиб қолмаймиз. Бироқ, яхши мутоаала ҳам қалбимизни нурафшон қилади.

Агар Ростонбуви ўрнини ҳам Элмирабуви эгаллаган бўлса, нега кечагиндай мудҳиш жиноятлар тобора кўпроқ содир бўляпти?! Нега қилт этмай боласини ўлдираётган оналар сони йилдан йилга кўпаймоқда?

Авваллари дилбандини нохос қаргаб қўйган оналар ҳам кам бўларди. Чунки ўта иши кўп аёллар ҳам тушликни бир қўлида газета ёки журнал ушаган холда қилишар, оқшомда мутолаасиз ухлашмасди. Бирор айб иш қилиб қўйганлар битта мағзи бутун ҳикоя, муҳаррирнинг синчков нигоҳларидан ўтган мақолаларни (ҳозир ижтимоий тармоқларда таҳрирсиз, саёз мазмунли ҳикоя, шеърлар тиқилиб кетган) ўқиб ибрат олишарди.

Даврий нашрлар муассисга керак бўлмаса, низомида «оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолиятининг ривожланишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва таъминлаш...» деган пурҳикмат банди бор Агентликка ва ўз-ўзидан кўриниб турибдики, давлатга ҳам керак бўлмаса, унда кимга керак?!

Орқаваротдан эшитганим рост бўлиб, журнал тиражини кўтаришга харакат қилаётган бош муҳаррирлар бўйнигача қарз бўлса, оиласи, еб-ичадиган бола-чақасининг ризқидан қирқиб ходимларига ўз хисобидан мукофот пули бериб рағбатлантирса, баъзан чорасизликдан хонасига қамалиб йиғласа, журналларга асос солганлар гўрида тик турмайдими?

«Гунча», «Гулхан» каби болалар нашрлари хам айнан шундай эътиборсизликлар туфайли адади камайиб, ночор ҳолатга тушиб қолишган.

Мажбурий обуна йўқотилди. Биз фақат икки пулга қиммат, ҳеч ким ўқимайдиган, «стопка»ларда хўжакўрсингагина турадиган даврий нашрларни обунасини йўқотишади деб севингандик. Халқимизга хақиқатдан зиё таратаётган, газета ва журналларимизнинг ҳам бошига етишди.

Муассис ақлли бўлса «Саодат»ни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, ҳеч бўлмаса маҳалла ва қишлоқ фуқаролари йиғинлари, қўмитанинг бошланғич бўғинлари, юқори синфлар, олий ва ўрта махсус ўқув юртлари ва албатта, жазони ўташ колониялари ва аёллар қамоқхонасида журнал обунасига кўмаклашади. Унинг электрон версиясини мукаммаллаштириб чет элларда ишлаб юрган опа-сингилларимизга онлайн сотишга ёрдам беради. Пештахтасида памперс, хўрозқанд илинган Матбуот тарқатувчи дўконларга кўпроқ етказилишини таъминлайди.

Журнал ижодий жамоаси қаердан, қандай пул топишни эмас фақат самарали ижодни ўйлаши керак эмасми? «Саодат»нинг русча, инглизча, ҳатто туркча таржимасини хам нашр этиш мумкин. Бунинг учун кучли жамоа шаклланиши керак! Хотин-қизлар учун минглаб журналлар нашр этиладиган жахонни тушида ҳам кўрмаётган «Саодат»чилар чет элларда малака оширишмаса, Зулфия хонимдай дунё кезишмаса, Хотин-қизлар қўмитаси учун уят эмасми? «Саодат» муассиснинг пой патагида қолган етимчага эмас, унинг шарафи, ташриф қоғозига айланиши шарт!

Яна чет мамлакат билан солиштираман. Туркияда таҳририяти жойлашган «Кадин» (Хотин) журнали сифати зўр бўлиши учун атай Голландияда нашр қилинади. Нафақат турк, инглиз тилида ҳам топиб ўқишингиз мумкин. Туркиянинг ўзида бир ойда бир ярим миллиондан ортиқ сотилади. Дорихоналардан тортиб автовокзалдаги махсус китоб жавонлардан ҳам уни бемалол топасиз. Нашрни севимли ва сифатли бўлиши учун бир нечта вазирлик қўллаб-қувватлаб, ҳар томонлама ёрдам кўрсатишади. Шунинг учун метро, трамвай, тролейбус, сайилгоҳ, ўйингоҳ ва бошқа масканларда ҳам журнални ўқиб турган хотин-қизларга кўзингиз тушади.

«Саодат»нинг ички дунёси «Кадин»дан анча бой. Ўн миллионлаб тиражда сотилаётган «Elle»лардан маънавий устун. Шундай экан севимли журнал мавқеи ҳар доимгидан баланд бўлиши шарт! Журналнинг 95 ёшлик юбилейини муносиб нишонлайлик.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан