Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Саратондан бедаво дардлар
2.11.2019 11:12,  
1042

Фестивалга ташриф буюрган илк меҳмонларни кутиб олиш учун автовокзалга чиқдик. Автобус Бишкекдан келиши керак эди. Эрталаб унчалик совуқ бўлмаса-да сал юпунроқ кийиниб олган одамни эти увушади. Одамлар кўп эмас, келган -кетган саноқли. Диққатимни енгилгина кийинган она ва уни қўлидан ушлаб олган рангпар, нимжон ўн ёшлардаги қизи жалб этди. Улар ўша у ер бу ерда турган одамлар олдига бориб нимадир сўрашар, бадқовоқ автовокзал хизматчиси яқинлашиб танбеҳ берса узоқроққа қочишарди.

Тиламчилик қилаётганларини англадим. “Бундайлар кўп-ку“ деган фикр ўтди ҳаёлимдан. Ниҳоят биз пойлаб турган рейс ҳам етиб келди.Автобусдан тушган уч дўстимиз билан сўрашиб, пойлаб қолган машиналарга таклиф қилдик. Машиналарнинг бири кетди. Бир меҳмон билан иккинчи машинага энди ўтираётган чогимиз рўпарамизда бояги аёл қизчаси билан пайдо бўлишди. Аёл менга эътибор ҳам бермай меҳмонга юзланди:

- Ассалому алайкум. Мусулмонга ўхшайсиз. Илтимос Худо йўлида ёрдам қилинг. Ночор аҳволдамиз. Қизим оғир хаста...

Мен чўнтагимдан озроқ пул чиқариб унинг қўлига тутдим ва энди кетишларини илтимос қилдим. Аёл мўлтираганча астойдил дуо қиларкан, қизини хам кафт очишга ундади. Қизча қилтириқ қўлчалари қалтираб онасининг айтганини қилди. Улар энди икки қадам босиб биздан узоқлашган чоғ меҳмон уларни тўхтатди:

-Абла мумкинми?

Аёл ялт этиб қараб қизчани яна ортга судради.

Меҳмон қўлидаги халтасидан қутичада ширинлик чиқариб норасидага тутгач жилмайиб сочларини силади ва онасига юзланди:

- Қиз хастами?

Аёл ўзи зўрга турган шекилли, елкалари силкиниб йиғлаб юборди.

Рости, лўли миллатига мансуб фирибгар, боласини қурол қилиб пул топадиган ёлғончи тиланчиларни кўп кўрганим учун аёлга ишонгим келмади. Аммо у тиланчиликни касб қилиб олган лўли эмас, қолаверса ёлғон гапираётганга ўхшамасди.

Юзига тикилдим. Қаердадир кўргандай бўлдим-у, эслай олмадим. У гапиришдан аввал қизини машинага ўтказиб , бирор мусиқа қўйиб беришимни илтимос қилди. Тушундим. Нимадир демоқчи-ю қизи эшитиб қолишини хоҳламаяпти. Айтганини қилгач, аёлга юзландим:

-Тинчликми опа? Бирор муаммоингиз бўлса қўлимдан келганча ёрдам бераман.

Мен меҳмонни олдида уялиб қолмасликни ўйлардим. Ахир ҳозир ким кўп: касал, муҳтож, адолатсизликка учраган... Тўрт минг километр узоқдан келиб мамлакат остонасидаёқ нохуш манзарага дуч келган кино устасининг навбатдаги ҳужжатли фильми ўзбек халқининг кўз ёшлари ҳақида бўлишини истамасдим.

Аммо меҳмон барибир мендан уддабурон чиқди. Аёлга пайдар-пай саволлар бериб мендан таржима қилиб туришимни илтимос қилди:

- Нега бунчалик юпун кийингансизлар? Қизинг қандай дардга чалинган? Давоси борми? Отаси қаерда? Овқатланганмисизлар?

Уялиб кетдим. Вокзал тўла одам. Юртдошларим, Ватандошларим, бироқ бефарқлигимизни қаранг бирортамиз аёлни тўхтатиб ҳеч қурса боласининг оч -тўқлигини сўрашга ярамабмиз. Таржимам аранг эшитилди.

Аёл мустарлигимга бепарво, бир меҳмонга, бир ичкарида ўтирган қизига, бир менга жавдираб изиллаб йиғлаб юборди. Уни қўлимдан келмаса ҳам юпатишга ҳаракат қилар эканман меҳмонга қарадим:

-Барибир гапирмайди. Қийнаманг. Биз андишали халқмиз...

Сўнг аёлга яна далда бердим:

- Синглим, йиғламанг. Қизингиз қараб- қараб қўйяпти... Бу менинг ташриф қоғозим. Ҳозир кетишимиз керак. Кеч қолаётгандик. Кейин гаплашсак бўладими? Сизларни қандай топсам бўлади?

Уларни қаердадир кўргандай эдим. Лекин қаерда? Иккаласи ҳам кўзимга иссиқ кўриняпти. Хотирам жуда кучли бўлмаса ҳам нимадандир қаттиқ таъсирлансам ёдимда қоларди. Топдим!

- Қизингиз ҳақида интернетда, тўғрироғи Фейсбукда ўқиганман. Шундайми?

У пиққиллаганича тасдиқлади:

- Бир танишим қўйган эди...

Ха... Аниқ ким қўйгани эсимда йўғ-у, қизалоқ ҳақида бир нечта гуруҳда маълумот тарқатилиб, ёрдам сўралганди ва ташхиси оғир эди.

-Адашмасам гематологияда ётган эдингиз. Қизингиз оқ қонга чалинган....

Аёл энди увуллаб юборди.. Меҳмон эса таржимасиз хам тушунди шекилли қизчага тикилганича онага яна саволларни ёғдирди:

- Қон саратоними? Бу ерда нима қиляпсиз? Мумкин эмас-ку. Аллоҳ шифо берсин!)

У чўнтагидан пул чиқариб аёлнинг титроқ кафтларига тутди.

- Буларнинг суғуртаси йўқми? Қиз жуда заиф. Бунақаси бўлмайди. Овқатлантириб, касалхонага ташлаб кетамиз..

Бошим хам бўлди. Буларни суғуртаси тугул, уйлари ҳам йўқлигини айта олмадим. Чунки Фейсбукда қўйилган постда шу мурғак фариштани даволаш учун оила бор будини сотгани, бўйнигача қарзга ботгани ёзилганди.

Қанча ялинмайлик аёл кетишга унамади. Ҳали унчалик совуқ эмаслигини , қизини ичидан қалин кийинтиргани ўзига эса унча мунча ҳаво таъсир қилмаслигини таъкидлаб чуқур хўрсинди:

- Кейинги химияга маблағ тўплашимиз керак. Бўлмаса қизим бир йилга ҳам бормайди.... Дорилари ўта қиммат. Фейсбукда йиғилганига олдингисини қуйдиргандик, ўшанда ҳам етмаган. Сизларга катта раҳмат.. Аллоҳ рози бўлсин ...

Ўша куни фестивалга аталган кайфиятимдан асар ҳам қолмади. Аслида Тошкентимизни мақтаб тинмай бидирлаб келмоқчи эдим, манзилга етгунча миқ этмадим. Меҳмон ҳам тунд, тонги табассуми ўрнида қор ёгарди. Машинадан тушар чогимиз қўлидаги телефонга ишора қилди:

- Қара, Googleʼда ҳам ёзилган. Тупроғингизда йўқ маъданнинг ўзи йўқ. Аслида жуда бой халқсиз. Шундай мамлакат битта бемор қизига соҳиб чиқа олмаса?

Қани энди ер ёрилса-ю, кириб кетсам. Худди шу гапни Истанбулдаги таксист шалоғи чиққан аравачасида қийналиб қолган Бахтинисога ҳам айтганди. Еримиз маъданга бойлиги, аммо, бундан оддий халққа бир тийинлик фойда йўқлигини айтиб дод деб йиғлагим келди-ю, тилимни тишладим...

Ўша куни халқимизни саратондан ҳам бедаво дардлари борлигини англаб етдим.

Фестиваль тугаб, қизчани зиёрат қилдим. Мақолани қуруқ ёзмаслик учун қўлимдаги гўдагим билан шаҳар, республика онкология клиникаларига бордим. Бедаво дарддан азоб чекаётган бемор болажонларни кўриб юрагим эзилди. Уларнинг ота-оналари билан суҳбатлашдим. Ҳақиқий аҳволни билсам ҳам савол билан мурожаат қилдим:

-Қайси дорилар бепул?

- Энг арзонлари. Ҳаёт учун муҳимларини ўзимиз топиб келамиз. Улар қиммат. Операцияларни-ку гапирмай қўяверайлик....

Катта ёшдаги беморлардан ҳам худди шу жавобларни беришди. Гарчи бизнинг юртимизда саратонга чалинган беморлар бепул даволанади дейилса ҳам, фақат хона, ўрин, бемаза овқатлар (УзЛиеП раҳбари айтган гўштлар бу касалхоналарга керагидан жуда кам миқдорда, номигагина етиб келади) ва ўзлари айтгандай энг арзон дориларгина текинлигини, бепул дейилган жарроҳлик амалиётларга профессордан тортиб , анестизиолог, ассистентларгача кўз тикиб туришини сўроқ -саволсиз ҳам яхши билардим.

Касалхонадан узоқлашмай расмий манбалардан мамлакатимизда саратонни олдини олиш ва даволашга кетадиган маблағларни топишга ҳаракат қилдим. Ўзбекистон ССВ сайтидан бўлмаса ҳам, қидирганимни топдим:

“ Sputnik” сайтида 05.04.2017- йили бир мақола берилган экан. Унда Ўзбекистон ССВ маълумотларига асосланиб берилган фактлар бор экан. Ундан иқтибос келтираман :

“ 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисига онкологик ёрдам беришни янада ривожлантириш тадбирларини амалга оширишга Ўзбекистон Республикаси бюджети маблағларидан 32,5 миллиард сўм ҳамда халқаро молия институтларининг кредит маблағлари ва грантлари ҳисобига 144,1 миллион АҚШ долларини йўналтириш назарда тутилган.

Бу эса 100 минг аҳолига онкологик касалликлардан вафот этиш кўрсаткичини 38,7 фоиздан 35 фоизгача пасайтириш, онкологик касалликларга чалинган беморларни ўсмага қарши препаратлар билан таъминлашни 33 фоиздан 90 фоизгача кўпайтириш, аҳолининг даволашнинг юқори технологик турларига бўлган эҳтиёжини қоплашни 70 фоизгача етказиш имконини беради“

Диққат қилинг, мақола 2017- йил ёзилган. Муаллиф маълумотларни осмондан олмагани аниқ.. Орадан мўлжалдаги беш йилликнинг икки йили ҳам ўтибди. Дори дармон таъминоти 33 фоиздан 90 фоизга бўлмаса ҳам 50% га чиққан бўлиши керак эди. Аммо ўша дорилар қани? Нега ижобий натижа йўқ? Мен сўроққа тутган ота-оналарнинг 100 дан 90 фоизи бемор боласини қийналиб даволатяпмиз деяпти-ку! Катта ёшдаги беморлар ҳам шу аҳволда.

Улар ёлғончими? Ёлғончи бўлишса натижа нега қониқарли эмас! Қайтанга саратонга чалинганлар сони кундан кунга кўпайиб , ундан қийналиб ўлаётганлар сони ортиб кетяпти-ку! Таниш шифокорни учратиб ундан ҳам махфий интервью олишга қарор қилдим:

-Нима деяпсан ўртоқ? Қанақа таъминот? Республика онкология марказининг олдинги раҳбарияти анча катта суммани йўқ қилиб жавобгарликка тортилган ва шарманда бўлишганди. Ҳозир ҳам аҳвол ҳавас қиладиган даражада эмас! Технологиялар янгиланяпти дегани билан жаҳон стандартларига тўғри келадигани кам, саратонни эртароқ аниқлаш учун ПЭТ диагностика керак. Унга тушишга оддий одамларни қурби етмайди. Мутахассисларнинг аксарияти дуб! Дориларни гапирмай қўя қолай...

Эҳ...Буларни ўзим ҳам биламан ҳамкасб. Ҳеч битмайдиган яраларимиздан биттаси, каттаси - тиббиёт, тиббиётимиздаги энг катта яра- онкология-ку! Ўғрилик бор гап! Керак бўлса ҳозир ҳам топилади. Хумкалла, пулга ўқиган касбдошларимиз кўп. Уларнинг аксарияти онкологияда! Ҳали супер контрактда ўқиётганлар битирса кўрасан қиёматни! Фидойи, билимли шифокорларимиз оз қоляпти. Борини сиғдирмаймиз, эси бори четга қочиб кетади. Агар шундай давом этаверса беморлар нима қилади. Тиланиб, тиланиб ахийри ўлиб кетаверадими? Ёки бошқа йўли ҳам борми? Ахир ривожланган мамлакатларда саратон 100% енгилмаган бўлса-да унинг олдини олиш ва касалларнинг умрини узайтиришга эришиляпти-ку! Бирорта ер ости маъдани йўқ, аммо халқининг қадри бебаҳо давлатда оналар касал қизчаси билан меҳмон ва туристларнинг йўлини пойлашмайди! Тиланчилик қилиб дорига пул топишмайди! ТВ дан телетомошабинларга жавдираб боласи яна бир йил яшаши учун маблағ йиғишмайди. Наҳот бизда шу касалликни олдини олиш ва даволашга жиддийроқ қараб, етарли маблағ ажратилмаса ва уни мақсадли сарфланишини тўлиқ назорат қилиш иймонли, виждонли инсонлардан иборат халқ назоратига топширилмаса!

...Мен ўша қизчани даволаётган шифокор билан ҳам суҳбатлашдим. Айтишича беморнинг нари борса бир йиллик умри қолган. Организм ўта заиф, кейинги химияни кўтара олмаслиги ҳам мумкин. Буни онаси ҳам биларкан... Айтишича маҳаллий шифокорлар қизчага вақтида тўғри ташхис қўйиша олмай, қимматли вақтни йўқотишган.

- Тўрт йилдан бери курашяпти бечора...

Тўрт йил! Кичкина давр эмас. Бу вақт оралигида кимлар тугилиб, кимлардир боқий дунёга равона бўлади? Тўрт йилда экилган мевали ниҳол бўй чўзиб илк ҳосиллари билан хурсанд қилади. Дунёда қанча ўзгаришлар содир бўлади. Айтганча ҳар тўрт йилда бўлмасам ҳам беш йилда қоп- қоп ваъдалар, бир- биридан чиройли муждалар берган сайловлар бўлиб ўтади. Худо хоҳласа декабрда яна сайлашга борамиз.. Бу йил бошқача, ҳаққоний бўлади деган сафсаталарга ишонмайман. Чунки бирорта мухолиф партия йўқ. Марказий сайлов комиссиясида эса эски қўғирчоқ раис. У жараёнлар қанақа кетиши, нима бўлишини яхши билади. Беш ўнта адолатпарвар, фидоий сайланиб қолса ҳам қолгани тайёрланган, аллақачон номзоди ДХХдан текширилган депутатлар (Чунки аввалги сайловда ҳам, ундан олдингиси-да ҳам ўзимга “ Сизни халқ хоҳласа ҳам депутат қила олмаймиз. Чунки номзодлар аллақачон тайёр, улар МХХ текширувларидан ўтган“ дейишган) курсиларни эгаллайди.

Айтганча, бу йилги сайловларга бюджетдан қанча маблағ ажратилаётганини биласизми?

Ўзбекистон қонунчилик палатаси, шу билан бирга вилоят, туман ва шаҳар халқ депутатлари кенгашларида сайловларни ўтказиш учун 230,5 миллиард сўм (25 миллион долларга яқин) маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Яъни беш партиянинг сайловолди пиарлари, парламент ва маҳаллий кенгашларга тайинланган депутатларни хўжакўрсинга сайлаб қўйишга халқни ( бюджет бизнинг пешона теримиз) шунча пули кетади. Яна ҳеч нарсага ярамайдиган (битта - -иккита виждонлигини айтмаса) Кетмоновдан мастер класс олган қарсакбозларга беш йиллик умримизни ҳам ҳадя қиламиз. Ўз умримизга қўшиб автовокзалда тиламчилик қилиб юрган Барчиной, қоқ суяги чиқиб ётган Алпомишларимизнинг умрини ҳам ҳадя этамиз...

Агар уларда озгина виждон бўлганида сохта сайловларга аллақачон чек қўйишар, ёхуд миллат, Ватан тараққиёти учун астойдил курашадиган, фидоий депутатлар бўлишар эди.

Сайловга ажратилаётган ўша 230 миллиардни эса чел эл фондларидан ёрдам кутиб сарғаяётган, аҳволи ачинарли тиббиётимизга беришарди. Берибгина қолмай виждон назоратига олишарди. Қақиллаб мақталган Президент мактабидаги замонавий ошхоналардан ҳар бир мактабда очишга ҳисса қўшганларида борми, сифатли, тўйимли тушлик билан таъминланган болалар соғломроқ, бақувватроқ бўлишарди.

.. Аммо, минг афсус...

Мен орзу қилган партия халқнинг бир тийинига ҳам хиёнат этмайди. Пиар учун бошга қўндириб олган энг арзон кепка, бўйнидаги бир метрли шарфда ҳам бугун тиламчилик қилиб қолган минглаб касалларнинг, муҳтож юртдошларимнинг ҳаққи борлигини унутмайди!

Миллат оналарини бегона эркаклар олдида хўрлатиб қўймайди!

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан