Сардоба иши бўйича 9 киши қамоққа олиниб, тергов 5 ойга узайтирилди​ – Бош прокуратура

Сардоба иши бўйича 9 киши қамоққа олиниб, тергов 5 ойга узайтирилди​ – Бош прокуратура

Бош прокуратура Сардобадаги сув тошқини оқибатлари текширув ишлари юзасидан қўшимча маълумот берди. Маълум қилинишича, ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 207 ва 258-моддаларида назарда тутилган жиноятлар аломатлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

"Аввал хабар қилинганидек, жорий йил 1 май куни юз берган “Сардоба” сув омбори тўғони ўпирилиши ва бунинг оқибатида катта ҳажмдаги ер майдонларини сув босиши бўйича Жиноят кодексининг 207 ва 258-моддаларида назарда тутилган жиноятлар аломатлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аниқланишича, сув омбори 2010-2017 йилларда қурилган бўлиб, лойиҳага буюртмачи сифатида “Сирдарё сув қурилиш инвест” ДУК (Сув хўжалиги вазирлиги), бош лойиҳачи - “UzGip” МЧЖ, бош пудратчи – “Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” УК (“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ) танланган. Сув омбори қурилишига давлат бюджетидан 1,2 трлн.сўм сарфланган.

Сув омборидан фойдаланиш “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга қарашли “Сардоба сув омбори объектларидан фойдаланиш ва ривожлантириш дирекцияси” томонидан амалга оширилган.

Дастлабки терговнинг ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона олиб борилишини таъминлаш мақсадида асосий тахминлар текширилди.

Ҳозирги вақтда тергов органи томонидан тўғон қурилиши, эксплуатация қилиниши, давлат комиссияси томонидан қабул қилинган ҳажмда сув тўпланиши жараёнларида йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатларига дахлдор 9 нафар шахс, жумладан буюртмачи “Сирдарё сув қурилиш инвест” ДУК, лойиҳачи “UzGip” МЧЖ, бош пудратчи – “Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” УК, пудратчи ташкилот “Резаксой сув қурилиш” УК, “Тўпаланг Шеробод” ШК, Сув хўжалиги вазирлиги, Эксплуатация дирекцияси мансабдор шахсларининг бир гуруҳи Жиноят кодексининг тегишли (167, 205, 207, 209, 258) моддалари билан айбланувчи тариқасида жиноий ишга жалб қилиниб, камоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Жиноят иши доирасида қурилишга сарфланган бюджет маблағларининг асослилигини текшириш мақсадида ҳужжатли тафтиш ва бажарилган ишлар ҳажмларининг назорат ўлчови тайинланиб, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси мутахассислари раҳбарлигида мутасадди идораларнинг малакали мутахассисларидан иборат комиссия томонидан ўлчов ва тафтиш ишлари олиб борилмоқда.

Тергов органи томонидан жиноятнинг сабаблари, унга имкон берган шарт-шароитларни, айбдор шахслар доирасини аниқлаш билан бирга, етказилган зарарнинг қопланишини таъминлашга қаратилган чора – тадбирлар амалга оширилмоқда.

Дастлабки терговни ҳар томонлама ва тўлиқ ўтказилишини таъминлаш мақсадида ҳамда жиноят ишининг мураккаблиги ва катта ҳажмдалигини инобатга олиб, дастлабки тергов муддати Бош прокуратура томонидан 5 ойга узайтирилди" - дейилади Бош прокуратура баёнотида.