Сардоба тошқини: табиийми ёки техноген?

Сардоба тошқини: табиийми ёки техноген?

Коронавирус ва Бухородаги бўрон табиий фалокат эди. Аммо Сардоба сув омборининг бузилиши техноген фалокатга жуда ҳам ўхшаяпти.

Бошида сув сизиши, деб хаспўшлашди. Сув тошиб чиқаётгани видеоси тарқалгач, ўпирилиш деб аташ бошлади. Бугунги “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг тошқин бўйича расмий муносабатини ўқисангиз, асабийларча ёзгандек таассурот қолдиради. Қанақадир маиший гапларгача қўшилган.

Биз билмаймизми, қурилишда материаллар қанақа уриб қолинишини? Билмаймизми, нефтгаз ва кончилик корхоналарида қандай олди-бердилар қилинишини? Бир йилга бормай тўкилиб кетган иморатларни кўрмаганмизми? Таъмирдан кейин бир ойдаёқ йўллар чўкиб кетишини учратмадикми? Азбаройи, ўзимизникиларга ишонмагани учун миллий корхоналаримиз ҳам каттароқ лойиҳаларни чет элдан супервайзер, технадзор ёллаб текширтиришини билмаймизми? Жуда яхши биламиз. Энди сув тўғони учун ажратилган барча материалларни жой-жойида сарфлаб, бир кило цементини, бир метр арматурасини уёқ-буёқли қилмасдан ишлатилган, деб кўринг-чи, ким ҳам ишонаркан?

Ҳозир Ўзбекистондаги сув омборлари ҳақида маълумотларни қараб чиқдим. Асосан 1960-90 йилларда 25та атрофида сувомбор қурилган экан. Деярли ҳаммасида тўғон турини “земляная” деб берилган. Сардобада сув ҳажми нисбатан каттароқ экан. Ҳозиргача уларнинг бирортаси дарз кетгани ҳақида маълумот учратмаганман. Сардоба эса атиги 2 йил олдин қурилган экан.

Бугун млнлаб тонна сувни тутиб турадиган тўғон қуриш учун дарёга шалоплатиб хода ташлаб, орасига шох-шабба босилмайди. Қурилиш материалларининг статик ва динамик таъсирларга бардошлилиги ҳисобланади. Лойиҳачи инженер материалларнинг қаттиқлиги, пластиклиги, оқувчанлиги, деформацияси билан боғлиқ барча таҳлилларни ўтказади. Тўғон жинсидаги филтрация ҳисобланади, бурчакларининг зарбга пишиқлиги, сейсмик бардошлилиги, дарзлик вужудга келиши учун зарур таъсирлар, ҳаммаси олдиндан ҳисобга олинади. Лойиҳа компютерда моделлаштирилади. Йўлсозликда йўлнинг энг критический (ўта совуқ ва ўта иссиқ, қалин музлик вб) ҳолатлари назарда тутиб қурилганидек, тўғон ҳам шу ҳудуддаги энг кучли шамол, энг қаттиқ зилзила ва бошқа эҳтимолий таъсирларни ҳисобга олиб қурилган бўлади. Хўш, нега қурилганига атиги 2 йил бўлган иншоот ўпирилиб кетди? Бу саволга жавоб излаш керак. Битта уйни тиклагунча она сутимиз оғзимизга келади. Сирдарёда эса 70 мингдан ортиқ одам (10-15 минг хонадон) уйидан ва мулкидан ажралганини тасаввур қилишнинг ўзи оғир.

Сирдарёликларга эса сабр, бу синовлардан ўтиб олишларида тоқат, куч тилайман.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.