Сардоба тошқинидан зарар кўрган қозоғистонлик 386 та оила ҳам янги уйларга кўчиб ўтди (фото)

Сардоба тошқинидан зарар кўрган қозоғистонлик 386 та оила ҳам янги уйларга кўчиб ўтди (фото)

Мақтаарал туманида Сардоба сув омбори авариясидан жабрланган оилалар янги уйларга кўчиб ўтмоқда. Улар учун Мирзакентда янги микрорайон барпо этилди, деб хабар беради Kazinform Туркистон вилояти ҳокими матбуот хизматига асосланиб.

386 та оила янги уйларга тантанали равишда кўчиб ўтишди. ҚР Бош вазири ўринбосари Р.Скляр, Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев, Туркистон вилояти ҳокими Ў.Шўкеев аҳолини табриклади ва уй калитларини топширди.

70 гектар майдонда жойлашган янги шаҳарчадаги 386 та уйга Женис, Жанатурмис ва Достиқ аҳоли пунктлари аҳолиси кўчиб ўтишади. Микрорайонда ичимлик суви, электр энергияси, иситиш ва канализация тизимлари ўрнатилган ва юқори тезликдаги Интернетга уланган. Бундан ташқари, янги микрорайонда 1200 ўринли мактаб, болалар боғчаси ва тиббий поликлиника қурилмоқда.

Сув тошқинидан зарар кўрган аҳолини қўллаб-қувватлашда «Nur Otan» партияси ва бошқа қозоғистонлик тадбиркорларнинг ҳиссаси катта. Қозоғистоннинг барча ҳудудларидан 700 тоннадан ортиқ озиқ-овқат ва гуманитар ёрдам келди. Уйини сув босган ҳар бир оилага республика бюджетидан 100 минг тенге ажратилган. Болат Утемуратов фонди жабрланганларга уй қуриш учун 6 миллион доллар ажратди. Россиялик тадбиркор Алишер Усмонов фондидан 5,2 миллион доллар ўтказилди. Ушбу маблағлар 5202 оилага (30 420 киши) 1000 АҚШ долларидан тарқатиб берилди.

Мирзакентда Сардоба тўғони бузилишидан зарар кўрган учта қишлоқ аҳолиси учун янги шаҳарча қурилди. 386 уйдан 196 уй ҳукумат захираси ҳисобига, 150 уй Болат Утемуратов фонди маблағлари ҳисобига қурилган. 40 уй «Nur Otan» партиясининг «Біз біргеміз» ва «Салиқали Урпақ» жамғармаси кўмагида қурилган.