Саудиялик ёзувчи ҳадисларни Ислом манбалари рўйхатидан чиқаришни таклиф қилди

Саудиялик ёзувчи ҳадисларни Ислом манбалари рўйхатидан чиқаришни таклиф қилди

Саудиялик ёзувчи ҳадислар тўплами ҳамда фиқҳ (Ислом қонунчилиги)ни Ислом манбалари рўйхатидан чиқариб ташлашни таклиф қилиб, Қуръони Каримнинг ягона манба эканини таъкидлади.

Яқин Шарқдаги диний ва ижтимоий ўзгаришларга оид twit'лари билан танилган даммамлик Абдурраҳмон Ал-Аҳдал: “Агар биз барча Ҳадислар ва фиқҳга оид китобларни олиб ташласак, фақатгина Аллоҳнинг каломи [Қуръони Карим] қолади. Шунда Ислом бундан нимадир ютқазадими?” - деган мазмунда twit қолдирган.

Абдурраҳмон Ал-Аҳдал

Бироқ Ислом олимлари унинг қарашларини рад этмоқдалар. Жумладан, баъзилар Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан ҳадис ривоят қилмасдан туриб, диний мажбуриятларни, масалан, таҳорат ва намозни қандай қилиб бажаришни ҳеч ким билмаслигини айтиб, далил келтирган.

Ислом қонунчилик тизими – шариатнинг асосий манбаи илоҳий китоб Қуръони Карим (Китоб) ва пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадислар (Суннат) саналади. Ислом ер юзида тарқалган илк даврларданоқ (милодий VII аср боши, 610 йил) ундаги барча ҳукмлар, фатволар шу икки манбадан олиб келинган. Гарчи "Ислом шариатининг ягона манбаи Қуръон" деган фикр Аббосийлар давридаги баъзи диний гуруҳлар томонидан илгари сурилган бўлса ҳам унинг кенг ёйилиши XIX аср охири – XX аср бошларида Англия мустамлакалари бўлган Миср ва Ҳиндистонга тўғри келди.