Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ички ишлар вазирлигидаги манба берган маълумотга кўра мамлакат ҳукумати Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти тавсияларидан келиб чиқиб ҳамда COVID-19 коронавируси тарқалишининг олдини олиш мақсадида мамлакат фуқаролари ва доимий истиқомат қилувчи хорижликларга (резидентларга) ҳам умра амалини тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда ҳукуматга қарашли расмий Саудия Ахборот Агентлиги хабар берди.
Ҳукуматнинг бу тақиқи коронавируснинг тарқалишига ва икки Ҳарам ҳудудига (Маккадаги Масжидул-Ҳаром ва Мадинадаги Масжидун-Набавийга) етиб боришига йўл қўймаслик учун жорий этилган.
Чунки бу жойлар доимо одам билан гавжум бўлгани касаллик тарқалиши учун сабаб бўлиши мумкин. Қарорда айтилишича, коронавирус билан боғлиқ ҳолат ижобий томонга ўзгарсагина бу тақиқ бекор қилинади.
Аввалроқ Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги умра ва саёҳат визаларини беришни вақтинчалик тўхтатган; шунингдек, коронавирус тарқалган давлатларда шу пайтгача бу визаларни расмийлаштириб бўлганларга ҳам чегараларни ёпган, сафар қилмай, кутиб туришни тавсия этган эди.