Саудия Арабистони Туркиядан келадиган барча товарларга эмбарго жорий қилди. Бу ҳақда Cumhuriyet газетасига таяниб лента.ру хабар бермоқда.
Хабар қилинишича, Ар-Риёд маҳаллий корхоналарни Анқара билан савдо қилмасликка босим ўтказмоқда. Саудия Арабистони кўрсатмани эътиборсиз қолдирган ҳар қандай компанияга жарима солишга ваъда берди. Бундан ташқари, араб мамлакати ҳукумати гўёки аҳолини Туркияга саёҳат қилишдан "қайтармоқда".
Таъкидланишича, бундай чоралар Туркиянинг аллақачон заифлашган иқтисодиётига жиддий зарба бўлади: Араб мамлакатига экспорт юз миллионлаб доллар олиб келади. «Милитарист» Телеграм канали, Ар-Риёд чоралари Анқаранинг Тоғли Қорабоғдаги ҳаракатларига жавоб, деб тахмин қилмоқда. Ўтган йили саудияликлар сиёсий сабабларга кўра баъзи турк молларига, шу жумладан тўқимачилик ва тез айнийдигам маҳсулотларга ҳам эмбарго қўйган эди, дея қайд этади Cumhuriyet.
Аввалроқ Туркия Тоғли Қорабоғдаги вазиятнинг кескинлашиши муносабати билан Озарбайжонга ҳарбий ёрдам беришга тайёрлиги маълум бўлган эди. 27 сентябр куни эрталаб хабар берилди: Боку ва Ереван можарони авж олдиришда ўзаро айблашди.