Саудиядаги ўзбек олими Ўзбекистондаги масжидларни очиш ва ваҳималарни камайтиришни таклиф қилди

Саудиядаги ўзбек олими Ўзбекистондаги масжидларни очиш ва ваҳималарни камайтиришни таклиф қилди

Айни вақтда Саудия Арабистонида истиқомат қилувчи асли ўзбекистонлик диний олим, Мадина Ислом университетида «Ҳадис илмлари» бўйича таҳсил олган доктор Сайфуллоҳ Носир Ўзбекистон ҳукуматига коронавирусга қарши курашиш бўйича ўз таклифларини берди.

"Маълумки, ҳозир Ўзбекистонда коронавирус кенг тарқалган. Менда бир таклиф бор:

Тиббий муолажалар билан бирга икки нарсани қилиш бу пандемиядан қутулишда асосий роль ўйнайди, деб ўйлайман. Булар - Аллоҳ таолога тавба ва илтижо қилиш ҳамда ваҳимага тушмаслик, хотиржам бўлишдир" - деб ёзади олим.

 

Биринчи ишни қилиш учун масжидларни очиб, Жума намози ва жамоатларга рухсат бериш кераклиги айтилган:

«Чунки, Аллоҳ таолонинг уйлари очиб қўйилмасдан У зотга тавбани чинакам қилишнинг имкони йўқ. Масжидлар тақа-тақ беркитилиб, бозорлар ланг очилган ҳолда уйда "Аллоҳ, Аллоҳ" деб ўтиришда тузук маъно йўқ.

Бунга ҳозирги гигиеник эҳтиёткорликлар (ниқоб тақиб юриш, масофа сақлаш, киришда қўлни стерилизациялаб кириш) билан рухсат берилса, ўзаро юқишлар олди олинади. Ўзи кўриб турибмиз, шундоқ ҳам бозорлар, магазинлар, ҳатто тиббий муассасаларда ҳам бунга тўлиқ риоя қилинмаяпти. Ҳамма ерда тиқилинч юзага келган. Шундай бўлгач, фақат масжидларни беркитиб қўйиш нотўғри бўлади. Аминманки, масжидга кириб-чиқадиган намозхонлар бу эҳтиёткорликларга бошқаларга қараганда кўпроқ амал қилади".

Шунингдек, иккинчи иш - ваҳимага тушмаслик, хотиржамликни таъминлаш учун йўллардаги блокпостлар, ҳарбийлар ва турли тўсиқларни олиб ташлаш лозимлиги қайд этилган.

"Одамлар уларни кўриб ваҳимага тушишмоқда, йўллар тиқилинчлиги келиб чиққанидан хотиржамлик кетиб, асабий бўлиб қолишмоқда. Ваҳимага тушиш ва асабий бўлиш эса, ҳозирги тиббиёт тасдиқлаганидек, одамларнинг касалликка қарши иммунитетини пасайтириб юборади. Иммунитети пасайган шахс эса, ҳар қандай касалликни бошидан оғир ўтказадиган, айниқса, бошимизда турган бу вабога жуда чидамсиз бўлиб қолади.

Ҳукумат мутасаддилари бу икки таклиф устида яхшилаб ўйланадилар ва тўғри қарор чиқарадилар, деб умид билдириб қоламан. Зеро, халқини ўйлаган одам бунга жиддий қарайди.

Ўқувчилардан эса, буни имкон қадар кўпроқ тарқатишга ҳисса қўшишни сўрайман" - дейди Сайфуллоҳ Носир.

Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистонида 2020 йил 25 июль ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганлар сони 265 минг кишига яқинлашган. Уларнинг 217 мингдан ортиғи соғайган бўлса, 2703 киши вафот этган. Мамлакатдаги 90 мингдан ортиқ масжидлар санитария эпидемиология қоидаларига риоя қилган ҳолда фаолият олиб бормоқда.

Айни вақтда Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони расмий маълумотларга кўра, 19 755 кишини ташкил қилмоқда. Уларнинг 10 472 нафари тузалган бўлса, 100 га яқин беморлар вафот этгани айтилмоқда.

Ўзбекистондаги барча масжидлар дастлаб 16 мартдан вақтинчалик ёпилди, кейинроқ яшил ҳудудлар санитария эпидемиология қоидаларига риоя қилган ҳолда қайта очилди. Лекин, 10 июлдан кучайтирилган карантин қоидалари жорий этилиши оқибатида барча масжидлар ва бошқа диний ибодатхоналар қайта ёпилди.

Дин ишлари бўйича қўмита маълумотларига кўра, айни вақтда Ўзбекистонда 2069 та масжид рўйхатга олинган.