Савдо уруши таъсир қилмоқда: Хитой иқтисодиёти ўсиш суръати 1992 йилдан бери энг паст даражада тушди

Савдо уруши таъсир қилмоқда: Хитой иқтисодиёти ўсиш суръати 1992 йилдан бери энг паст даражада тушди

Хитой иқтисодиёти жорий йилнинг учинчи чорагида кутилган даражада ўсмади. АҚШ-Хитой ўртасидаги савдо уруши ҳамда ички бозордаги талабнинг бироз пасайгани бунга сабаб сифатида кўрилмоқда. Бу ҳақда BBC нашри хабар бермоқда.

Расмий маълумотларга кўра, сўнгги уч ойда Хитой иқтисодиёти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6 %га ўсган.

Ҳукуматнинг иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга бўлган уриниши, жумладан солиқларни қисқартириш каби чоралари ҳам иқтисодий ўсиш секинлашувининг олдини ололмаяпти.

Дунёнинг иккинчи рақамли иқтисодиёти ўсиши бутун дунё бўйлаб диққат билан кузатилмоқда, чунки секинлашаётган ўсиш глобал иқтисодиётга катта таъсир ўтказиши мумкин.

Хитой иқтисодиётига учта омил таъсир қилмоқда:

Бир йилдан бери давом этаётган АҚШ-Хитой савдо уруши. Бу уруш бизнес ва истеъмолчиларга ноаниқликлар туғдирмоқда.

Иккинчиси, маҳаллий бозорда талабнинг пасайиши ва у инфляция ошишига олиб келмоқда.

Учинчиси, Хитойнинг кўплаб деҳқонлари учун нохуш хабар бўлган чўчқа грипининг тарқалиши. Бу эса истеъмолчиларнинг харид қобилятини пасайтирмоқда.

Ушбу муаммолар билан бир қаторда, бир қанча ижтимоий-сиёсий муаммолар ҳам мавжуд. Хитой ғарбидаги маҳаллий уйғурлар билан боғлиқ муаммолар ҳамда алоҳида маъмурий ҳудуд Гонконгдаги намойишлар ҳам «ўлганнинг устига тепган» бўлмоқда.