"Савдогар"лар иши "ўхшамади"

Тошкент шаҳар ИИББ жиноят қидирув ходимлари гиёҳвандлик воситаларининг тарқалиши билан боғлиқ фактларни олдини олишди.

16 февраль куни тахминан соат 21.40 да Мирзо-Улуғбек тумани Оққўрғон кўчасида хатти-ҳаракатлари билан шубҳа уйғотган шахс тўхтатилди. Холислар гувоҳлигидаги текширув натижасида 37 ёшли Ғолиб М.нинг ёнидан 30,62 гр. героин топилди. Мазкур факт асосида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (“Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш”) бўйича жиноий иш қўзғатилди.

18 февраль куни тахминан соат 22.45 да Яшнобод тумани Мажнунтол кўчасида жиноят қидирув хизмати ходимлари 23 ёшли Абдували Б.ни тўхтатишди. Текширув давомида унинг ёнидан 117 гр. марихуана топилди. Мазкур факт асосида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддаси (“Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар”) бўйича жиноий иш қўзғатилди.