Сайёҳлик фирмаси диний қўмитанинг умра ҳақидаги фикрларини рад этди

Сайёҳлик фирмаси диний қўмитанинг умра ҳақидаги фикрларини рад этди

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича жамоатчилик кенгаши матбуот хизмати фуқароларни телеграм каналда чиққан сохта хабарлардан огоҳлантиргани ҳақида хабар берган эдик.

Жамоатчилик кенгаши ушбу расмда тарқалган хабарларни сохта, текин реклама тарқатиш ва телеграм канали аъзоларини кўпайтириш учун тарқатилганлигини маълум қилган эди.

Шундан сўнг, ушбу хабарларни эълон қилган Rixos Tour сайёҳлик фирмаси вакиллари биз билан боғланиб, улар тарқатган маълумот сохта эмаслигини, уларга Туркияда фаолият олиб борувчи расмий ҳамкорлари томонидан юборилган, асосли маълумот эканлигини маълум қилди.

Сайёҳлик фирмаси Sof.uzʼга қуйидагиларни маълум қилди:

“Биз ушбу хабарни ёзганда Туркиялик ҳамкорларимизга расмий Saudi Airlines авиакомпанияси томонидан юборилган хатни асос қилиб кўрсатиб хам ўтганмиз. Ушбу хатнинг рақамлари ва юборувчининг манзиллари кўрсатилган бўлиб, ҳеч қандай сохта хабар эмас!

Дин ишлари бўйича қўмитага қўнғироқ қилиб, изоҳ сўраганимизда “Сизларнинг хабарингиз бу эрталабки, яқинда янги хабар келди ва у хабарда бошқача маълумотлар айтилган”, — дейишди. (Диний қўмита масъули билан телефонда бўлган суҳбат таҳририятда мавжуд)

Лекин, Дин ишлари бўйича қўмита нима учун бизни хабарни сохта хабар деб эълон қилганлигига асосли жавоб бермади.

Кенг жамоатчиликка шуни билдирамизки, ушбу хабаримизни сохта ва фейк деб тарқатаётганларнинг ўзлари ёлғон хабар тарқатмоқдалар, уларга манбаларни очиб, ўрганишни тавсия қиламиз“, дейилади сайёҳлик фирмасининг раддиясида.