Сенат қўмитаси валютага оид қонунни кўриб чиқди

Сенат қўмитаси валютага оид қонунни кўриб чиқди

Бугун, 8 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлисига киритилган 5 та қонун кўриб чиқилди.

“Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мақсади омонатчилар ҳамда банк хизматларидан бошқа фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳисобга олган ҳолда молия муассасаларининг барқарорлиги ва улар ўртасидаги соғлом рақобатни таъминлашдан иборат.

Шу мақсадда Қонун банк фаолиятига рухсат бериш шартлари, Ўзбекистон Республикасида ушбу фаолиятни амалга ошириш, шунингдек банкларни қайта ташкил этиш ва тугатиш борасидаги муносабатларни тартибга солади. Шунингдек, Қонун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг молия муассасаларини пруденциал назорат қилишда қўйиладиган талаблар, қўлланадиган восита ва тартиб-таомиллар борасидаги ваколатларини ҳам аниқ белгилайди.

Қонуннинг Сенат томонидан маъқулланиши банклар ва банк фаолияти қонунчилик асосларининг янада такомиллашувига, молиявий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, банк тизими ва иқтисодиётнинг жадал ривожланишига хизмат қилиши мажлис иштирокчилари томонидан айтиб ўтилди.

“Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни яна бир муҳим ҳужжатдир. Қонун Ўзбекистон Республикасининг бош молия муассасаси фаолиятини тартибга солишга қаратилган.

Мамлакат пул-кредит сиёсати, унинг восита ва механизмларини тубдан такомиллаштириш ва нархлар барқарорлигини таъминлашга қаратилган таъсирини кучайтириш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар асосида инфляциянинг олдини олиш ва бунда Марказий банк фаолиятини тартибга солиш мазкур

Қонуннинг асосий мақсадини ташкил этади. Унинг қабул қилиниши Марказий банк пул-кредит сиёсатини амалга оширишда замонавий механизмлар қўлланилиши, тижорат банкларининг бошқарув сифатига таъсир кўрсатиш механизмларининг такомиллаштирилишига хизмат қилади.

Шунингдек, Қўмита ишчи гуруҳи йиғилишида “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳақида ҳам сўз юритилди.

Қайд этилганидек, Қонун мамлакатда резидентлар ва норезидентларнинг ўз валюта бойликларига бўлган ҳуқуқларини амалга оширишда юзага келадиган муносабатларни ҳамда валютани тартибга солиш ва унинг назоратига доир вазифаларнинг қонуний ечимини таъминланишга қаратилган. Натижада валюта операцияларини амалга оширишда юридик ва жисмоний шахсларнинг ўз маблағларини эркин тасарруф этишлари бўйича барча ҳолатларнинг қонунчилик меъёрлари билан қамраб олиниши таъминланмоқда.

Йиғилишда “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам кўриб чиқилди. Таъкидланганидек, мазкур ҳужжат тўловларнинг узлуксиз амалга оширилиши, инновацион маҳсулотларнинг жорий қилиниши, тегишли тизимларининг ягона ахборот муҳитини шакллантириш, уларни назорат қилиш ва кузатиб бориш каби соҳалардаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.

Қонунда амалдаги қонунчиликдаги бўшлиқларни бартараф этиш назарда тутилган бўлиб, халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда тўлов тизимларига ва уларнинг таркибий қисмларига нисбатан талаблар ўрнатилмоқда. Шунингдек, унда ушбу тизимларни назорат қилиш ва кузатиб бориш, тўлов тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларини лицензиялаш, электрон пуллар ҳамёни соҳибларини идентификациялаш тартибини белгилаш ҳамда хавфсизлик ва ахборот муҳофазасини таъминлаш инобатга олинган.

Ушбу Қонун билан тўлов ва тўлов тизимлари соҳасида ягона ахборот ва ҳуқуқий муҳит яратилиши, Марказий банк томонидан тўлов хизматлари бозорининг самарали тартибга солиниши таъминланади.
“Кредиторларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш кучайтирилиши ҳамда тадбиркорлик фаолиятини молиялаштириш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ҳам ишчи гуруҳ йиғилишида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Таъкидланганидек, мамлакатда инвестиция муҳитини янада яхшилаш, инвесторларнинг тадбиркорлик фаолиятини самарали ташкил этишга шароит яратиш ва бунда кредит маблағларини қайтаришни гаровдаги мол-мулк ҳисобидан амалга оширишнинг самарасиз тизимини бартараф этиш орқали мавжуд амалиётни такомиллаштириш мазкур Қонуннинг асосий мақсадини ташкил этади.

Натижада кредиторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш янада такомиллаштирилиб, мамлакатда ишбилармонлик муҳити яхшиланади, мулкни гаровга қўйишнинг амалдаги механизмлари халқаро стандартларга мувофиқлаштирилади.

585