Сенаторлар, Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги! Нима учун адвокатларга тегишли қонунга Адвокатлар палатасининг розилиги олинмади? 

Сенаторлар, Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги! Нима учун адвокатларга тегишли қонунга Адвокатлар палатасининг розилиги олинмади? 

Иллюстратив фото

Аввал хабар қилганимиздек, куни кеча карантинга оид турли хабарлар фонида Сенат томонидан “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш киритиш ҳақидаги қонунни имзолади.

Унга кўра, прокурорнинг розилиги билан адвокатнинг телефонлари ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали амалга ошириладиган сўзлашувлари, узатиладиган хабарлари ва маълумотларини назорат қилиш белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси адвокатлар палатаси раиси Алим Эрназаров ушбу ўзгартиш бўйича ўзининг кескин эътирозини билдирди.

“Бугун Сенат томонидан маъқулланган, адвокатлик фаолиятимизга тегишли ўзгаришларга менинг ҳам қатъий эътирозим борлигини билдираман. Бу ҳолатдан, адвокат ва Адвокатлар палатаси раиси сифатида — норозиман. Қонун ҳужжатларида, адвокатларга тегишли қонун ҳужжатлари лойиҳаси, Адвокатлар палатаси Раиси томонидан имзоланиши (розилик олиниши) белгиланган. Бироқ, қонунчиларимиз томонидан бу тартибга риоя қилинмади.

Яъни, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси раиси Алим Эрназаров, юқорида эсланган қонун лойиҳасига имзо (виза) қуймаган”, дейилади палата раисининг баёнотида.

Шундан сўнг, Адлия вазирлиги Сенат томонидан маъқулланган адвокатларга оид қонун ҳужжатига киритилган таҳририй ўзгартириш юзасидан қуйидагича изоҳ берди.

"Аввало ушбу тартиб энди жорий қилинмаётгани, балки 1998 йилдан бери амалда эканини эътиборга олиш лозим. Қолаверса, ҳужжатга бор-йўғи таҳририй ўзгартириш киритилмоқда, тартиб ўзгармаяпти.

Ушбу ахборотни оммага тарқатаётган манбаларни моҳиятга мос келмайдиган чалғитувчи сарлавҳалар орқали омманинг ҳиссиётлари билан ўйнашмасликка чақирамиз”, дейилади расмий хабарда.

Лекин, қонун Адвокатлар палатаси билан келишилган ёки келишилмагани ҳақида ҳеч нима дейилмаган. Бундай ёндашувни Бош прокуратура матбуот хизмати тарқатган хабарда ҳам кўришимиз мумкин.

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, Сенат томонидан жорий йилнинг 24 мартида маъқулланган Қонунга асосан “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига киритилган ўзгартириш муносабати билан билдирилаётган хавотирлар, талқинлар ўринсиз ва асоссиздир.

“Хусусан, шу пайтга қадар ҳам 1998 йилда қабул қилинган “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ адвокатнинг телефон ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларини эшитиб туриш, унинг почта-телеграф жўнатмаларини кўздан кечириш каби тезкор-қидирув тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоят, Тошкент шаҳар прокурори ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг санкцияси билан амалга оширилиб келинмоқда.

Сенат маъқуллаган Қонунга асосан киритилган ўзгартиришлар эса, “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасини “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонунга мувофиқлаштирмоқда, холос.

Яъни, “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг 14-моддасига кўра, тезкор-қидирув тадбирларининг турларига телефонлар ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитишдан ташқари, почта, курьерлик жўнатмаларини, телеграф хабарларини ва бошқа хабарларни назорат қилиш ҳам киради.

Ўз навбатида, тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш учун асослар қонунда белгиланган. Жиноятларни тайёрлаш, содир этиш аломатлари тўғрисида, шунингдек жиноятларни тайёрлашга ёки содир этишга дахлдор шахслар ҳақида аён бўлиб қолган маълумотлар шулар жумласидандир.

Мазкур маълумотлардан бирининг аниқлангани эса, шахснинг ҳуқуқий мақомидан қатъий назар, унга нисбатан тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш учун асос бўлади.

Шуни алоҳида қайд этиш ўринлики, “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Қонунга киритилаётган ўзгартишлар адвокатларнинг дахлсизлигига бирон-бир жиҳатдан таҳдид қилмайди, уларнинг қонуний фаолиятига ҳеч қандай тўсқинликни вужудга келтирмайди.

Айни пайтда, Бош прокуратура манфаатдор идора сифатида адвокатларнинг мақомини кучайтириш, уларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш, суд процессларида адвокат ва прокурор тенглигини амалда таъминлаш бўйича сўнгги йилларда олиб борилаётган ислоҳотларни тўлиқ рўёбга чиқаришга ўз ҳиссасини қўшиб бораверади“, — дейилади баёнотда.

Лекин юқорида таъкидланганидек, Олий Мажлис Сенати ҳам, Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги ҳам қонун нима учун Адвокатлар палатаси билан келишилмагани, қонун қабул қилиш жараёнида қонун бузилгани ҳақида ҳеч нима демаган!