Сенаторлар янги таҳрирдаги бир қанча қонунларни маъқуллади

Сенаторлар янги таҳрирдаги бир қанча қонунларни маъқуллади

Ўзбекистон Олий Мажлиси сенаторлари томонидан «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонун маъқулланди (янги таҳрирда).

Қонун билан иш билан таъминлашнинг самарали ва истиқболли йўналишлари – касбий малака ва компетенцияни ривожлантириш миллий тизими, меҳнат дафтарчалари ва шартномаларининг электрон ҳисобини юритишни назарда тутувчи ягона миллий меҳнат тизими жорий этилмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши меҳнат бозори ва бандликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, миллий ишчи кучи сифатини ошириш учун рағбатлантиришни ташкил этиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни ишга жойлаштиришни кучайтириш, ишсизларни моддий қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини рағбатлантиришни мустаҳкамлайди.

Маъқулланган Қонун Президент томонидан имзоланиб, белгиланган тартибда эълон қилингач расмий кучга эга бўлади.

Шунингдек, Сенат томонидан «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонун маъқулланди (янги таҳрирда).

Қонунда одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш ва мослашувини таъминлаш тартиби, жабрланганлар ҳақидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш тартиби, уларга тақдим этиладиган хавфсизлик чоралари ва бошқа кафолатлар белгиланмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши одам савдосидан жабрланган фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Маъқулланган Қонун Президент томонидан имзоланиб, белгиланган тартибда эълон қилингач расмий кучга эга бўлади.

Сенат томонидан «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун маъқулланди.

Қонун билан чет элда иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўловларни иш қидираётган шахслардан эмас, балки иш берувчилардан ундириш белгиланмоқда.

Шунингдек, хусусий бандлик агентлиги мансабдор шахсларига нисбатан Қонун талабларини бузганлик учун жавобгарлик ҳам назарда тутилган.

Маъқулланган Қонун Президент томонидан имзоланиб, белгиланган тартибда эълон қилингач расмий кучга эга бўлади.