2020 йилнинг сентабрида ўртача истеъмол нархлари ва тарифлари даражаси ой давомида 1,4% га кўтарилди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси ҳисоботида айтиб ўтилди.
Маълум қилинишича, 2020 йилнинг январ-сентябр ойлари давомида истеъмол бозоридаги нархлар ва тарифлар ўртача 6,3% га ошди.
Йиллик даврда (2019 йилнинг сентябрига нисбатан) товарлар ва хизматлар нархларининг ўртача ўсиш суръати 11,7% ни ташкил этди.

Сентябр ойи давомида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ўртача 2,2% га, ноозиқ-овқат маҳсулотлар 1,0% га ва хизматлар 0,5% га қимматлашди.
Жорий йилнинг сентабр ойида кузатилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари асосий гуруҳларидан тухум (6,5%) гўшт, парранда гўшти ва балиқ (3,8%) ва мева-сабзавот маҳсулотлари (3,0%) нархлари сезиларли даражада кўтарилди. Ёғ-мой маҳсулотлари нархлари ой давомида 2,3% га, нон маҳсулотлари 1,2% га, сут маҳсулотлари 1,0% га, шакар, чой ва бошқа маҳсулотлар 0,5% га, спиртли ва алкоголсиз ичимликлар 0,4% ва 0,2% га қимматлашди. Умумий овқатланиш муассасаларидаги нархлар ой давомида 1,3% га кўтарилди.