Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Цензура кучли бўлган 10 та давлат номи эълон қилинди (фото)
10.09.2019 18:35,  
619

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) дунёда цензура энг кучли бўлган давлатлар рейтингини эълон қилди.

Рейтинг матбуот эркинлиги чекланганлиги, журналистларни қамаш, таъқиб қилиш, шунингдек, интернет ва ижтимоий тармоқни тақиқлаш каби жиҳатлар асосида шакллантирилган.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси рейтингининг биринчи ўрнида Африкадаги Эритрея давлати турибди. Қўмитага кўра, бу давлат Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларациясининг 19-моддасини (ҳар бир инсон ахборотни қидириш ва олиш, ўз фикрни баён этиш ҳуқуқига эга) энг кўп бузаётган мамлакатдир.

Рейтингнинг "фахрли" 2-3-ўринларини Шимолий Корея ва Туркманистон эгаллади. Ташкилотга кўра, бу давлатларда оммавий ахборот воситалари кескин чекланади, фақат расмий нашрлар тарқатадиган ахборотлар ишончли деб кўрилади. Бу вазифани Шимолий Кореяда Корея марказий янгиликлар агентлиги бажаради, барча нашрлар ахборотни шу манбадан олиб тарқатади. Мамлакатда Интернетга кириш имкони деярли йўқ, фақат сиёсий элитагина ундан фойдаланиши мумкин. Бироқ бир қатор мактаблар ва давлат муассасаларида Kwangmyong деб аталган ички назорат қилинувчи тармоқ ишлайди.

Туркманистонда ҳам шунга яқин вазият: мамлакат аҳолисининг атиги 21%и Интернетга кириш имконига эга. Аммо бу тармоқ қатъий филтрланади, VPN’дан фойдаланиш тақиқланган, мухолиф ва хорижий сайтларга кириш мутлақо тўсиб қўйилган, ким бу тўсиқни айланиб ўтишга ҳаракат қилса, ҳукумат томонидан сўроқ қилиниши ҳам мумкин.

Рўйхатнинг 4-ўрни Саудия Арабистонига берилган. Бу мамлакатда 2018 йил 1 декабр ҳолатига кўра 16 журналист панжара ортида қолмоқда. Энг ёмон мисол, шубҳасиз, ўтган йил октябр ойида ҳукумат танқидчиси бўлган Жамол Хошуқжининг Истанбулдаги Саудия консуллигида ўлдирилиши бўлди. Дастлаб, унинг ўлими учун бутун дунё оёққа қалққандек, уни ўлдирганлар жазоланадигандек тасаввур пайдо бўлди: дунё бўйлаб намойишлар, қоралашлар, мансабдор шахсларнинг оташин нутқлари… Аммо охир-оқибатда ҳаммаси унутилиб кетди.

Журналистлар учун энг хавфли мамлакатлардан яна бири Хитой. Бу мамлакатда Интернет қатъий назоратга олинган: YouTube ва Facebook блокланган, “ҳаммаси кўз остида” бўлиши учун Google қидирув тизими ўрнига Baidu, WhatsApp мессенжери ўрнига WeChat жорий қилинган. Хитойга борган чет эллик сайёҳлар Интернетда ҳам “Буюк Хитой девори” ўрнатилгани – кўпалаб сайтларга кириб бўлмай қолганини сезишади. Энг ёмон ҳолат Хитойнинг ғарбида жойлашган Шинжон Уйғуристон минтақасида кузатилади. Уйғурлар оммавий равишда тарбия лагерларига жўнатилгани ҳақида маълумот тўплаш учун келган ғарблик журналистлар тинимсиз босим ва тўсиқларга дуч келади, уларнинг ортидан кузатув олиб борилади.

Рўйхатнинг 6-ўрнини Вьетнам банд қилган. Коммунистик партия бошчилик қиладиган ҳукумат барча босма нашрлар, радио ва телевиденияни тўлиқ назорат қилади. Бир партияли ҳукуматни ҳар қандай танқид қилиш имконияти чекланган, 2016 йили қабул қилинган матбуот ҳақидаги қонунга кўра оммавий ахборот воситалари “партия, партия ташкилотлари ва давлат органларининг овози” бўлиши лозим. Газета, радио ва телевидения муҳаррирлари нимани ёритиш кераг-у, нимани айтмаслик кераклиги борасида ҳукуматдан кўрсатма олади. 2018 йил 1 декабр ҳолатига кўра камида 11 журналист Ветнам қамоқларида ўтирибди.

“Энг сабрли цензурачилар” рўйхатида Эрон 7-ўринда. Ҳукумат журналистларни қамоққа ташлайди, веб-сайтларни блоклайди, тинимсиз таъқиб ва кузатувлар воситасида қўрқув муҳитини пайдо қилади, ҳатто баъзи журналистларнинг оила аъзолари ҳам кузатилади. Маҳаллий ОАВ давлат ўрнатган тартибларга қатъий риоя қилиши лозим. Эронда ишлайдиган барча журналистлар расмий рухсатнома олиши шарт; бу рухсатнома исталган пайтда бекор қилиниши ҳам мумкин. Хорижий нашрларга ўз ваколатхоналарини очишга рухсат берилган, аммо улар ҳам кучли назорат остида сақланади. Мамлакатда Twitter, Facebook ва YouTube, шунингдек, Telegram ва WhatsApp тўсиб қўйилган, аммо VPN орқали кириш мумкин.

Экваториал Гвинея ушбу рўйхатнинг 8-ўрнида. Журналистлар нимани ёзиш-ёзмаслигини тўлиғича ҳукумат назорат қилади. Барча оммавий ахборот воситалари ҳам ҳукуматга тегишли. 2017 йил ноябрда парламент ва маҳаллий ҳокимиятларга сайлов бўлаётганида Интернет бир кунга узиб қўйилган, Facebook эса сайловдан уч ҳафта муқаддам блокланган.

Беларус давлати гарчи Европанинг деярли қоқ юрагида жойлашган бўлса-да, сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият бу ерда ҳам абгор: ҳукумат амалда барча оммавий ахборот воситаларини назорат қилади, бир қатор мустақил журналист ва блогерлар таъқиб ва ҳибсларга учрайди. Ҳукумат мустақил ахборот агентликларини чеклашга ҳаракат қилгани сайин янада кўпроқ беларусликлар ижтимоий тармоқларга ўрнашиши кузатиляпти. Интернет устидан назоратни кучайтиришга интилган ҳукумат 2018 йилда “сохта янгиликлар” ҳақидаги қонунни қабул қилди.

“Кучли ўнталик”ни Куба якунлаб берган.

Охирги йилларда вазиятнинг ижобий томонга ўзгаргани, мобил ва Wi-Fi Интернет тармоқлари кенгайганига қарамай Куба ҳамон Америка қитъасидаги матбуоти энг кўп чекланган давлат бўлиб қолмоқда. Босма ва ахборот нашрлари тўлиқ бирпартияли коммунистик ҳукумат назоратида ва “социалистик жамият қуриш учун хизмат қилиши” шарт.

Кубада стационар Интернет 2017 йилда, мобил Интернет тарифлари эса 2018 йилда пайдо бўлди. Аммо бу хизмат аксарият кубаликлар учун ўта қимматлик қилади: 4 гигабайт трафик 30$ туради. Бу эса мамлакатдаги ўртача ойлик маош дегани.

Ҳукумат танқидчи журналистларнинг фаолиятини таъқиблар, жисмоний ва онлайн кузатиш, қисқа муддатга ҳибсда ушлаб туриш, уйларда тинтув ўтказиш ва жиҳозларни мусодара қилиш йўли билан чеклаб туради. Табиий офатларни ёритиш энг хавфли мавзулардан саналади: 2016 йил октябр ва 2017 йил сентябрда мамлакатда юз берган довул натижалари ҳақида хабар берган бир қатор журналистлар ҳибсга олинган.

Энг кучли цензура ўрнатилган 10 мамлакат рўйхатини тузишда қуйидаги омиллар ҳисобга олинган:

– Хусусий ёки мустақил ОАВнинг йўқлиги/чекланганлиги

– Ахборот тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик борлиги

– Сайтларнинг блокланиши

– Хорижий каналларнинг сигналларига тўсиқ қўйилиши

– Хорижий мухбирлар фаолияти чекланиши

– Ҳукумат томонидан журналистлар кузатувга олиниши

– Журналистларнинг ҳаракати чекланиши

– Журналистик фаолият билан шуғулланиш учун лицензия олиш талаб этилиши

– Маълумотларни электрон аппаратларга ёзиб олиш ва тарқатишга тўсиқ қўйилиши

– Троллинг кампаниялари

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан