Сергелидаги ер усти метросида дастлабки релсларни ўрнатиш бошланди (фото)

Сергелидаги ер усти метросида дастлабки релсларни ўрнатиш бошланди (фото)

Фото: Ўзбекистон темир йўллари

Сергели метро линиясида дастлабки рельсларни ўрнатиш ишлари бошланди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» хабар қилмоқда.

Эстакада шаклидаги ер усти метросининг умумий қиймати 82,66 миллион АҚШ долларидан иборат бўлиб, 47,56 миллиони Ўзбекистон бюджет маблағлари, 35,1 миллион доллари эса Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг кредит маблағлари ҳисобига тўғри келади. Ушбу лойиҳанинг бунёдкорлик ишлари 2017 йилнинг дастлабки ойида бошланган эди. Объект лойиҳаси «Боштранслойиҳа» акциядорлик жамияти мутахассислари томонидан тайёрланган бўлиб, бунёдкорлик ишлари «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг «Кўприкқурилиш трести» унитар корхонаси мутахассислари томонидан амалга оширилмоқда. Сергели метро линияси бугунги кунгача Марказий Осиёда қўлланилмаган бутунлай янгича эстакада усулида бунёд этилмоқда. Яъни мазкур йўл кўприксимон тарзда қурилмоқда, поездлар ер устида ҳаракатланади.

- Белгиланган лойиҳага асосан Сергели йўналишининг умумий узунлиги 6,94 километр бўлиб, «Чош-тепа», «Тошкент ҳалқа йўли», «Сергели», «Афросиёб», «Қипчоқ» ва «Чинор» бекатларидан иборат, - дейди «Тошкент метрополитени» унитар корхонасининг Тошкент метрополитени линияларини қуриш дирекцияси бошлиғи Сойибжон Жўраев. - Айни пайтда бекатлар ва уларнинг оралиғида белгиланган режа бўйича «Кўприкқурилиш трести» унитар корхонасининг тажрибали мутахассислари томонидан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Қурилиш-монтаж жараёнларининг кенг кўламда олиб борилишини таъминлаш мақсадида зарур бўлган 60 та замонавий техника ва механизмлардан унумли фойдаланилмоқда. Объект қурилишида 700 дан ортиқ мутахассислар 2 сменада иш билан банд.

Ўтган вақт давомида барча 6 та бекатнинг 5 таси ва уларнинг оралиғидаги таянч устунлар учун пойдевор қуйиш ишлари Германия технологияси асосида бурғилаш услубида амалга оширилиб, эстакада таянч устунлари тўлиқ ўрнатиб чиқилди. Уларнинг орасига 26 метрлик балкалар монтаж қилинмоқда. Шунингдек, бекатларга эскалатор ўрнатиш учун пойдевор, ғишт териш, ташқи фасадни мармар билан қоплаш, электр ёритиш учун симлар ётқизиш ишлари ҳам якунига етмоқда. Йўловчи платформа тўсинларининг монтаж ишлари ҳамда металл конструкцияларни ўрнатиш ишлари давом этмоқда.

Тошкент метрополитени Сергели линиясининг «Чош-тепа» бекати Чилонзор йўналишидаги «Олмазор» ер ости бекати билан боғланади. Белгиланган лойиҳанинг ушбу мураккаб ечимини амалга оширишда қурувчи темирйўлчилар «Чилонзор» электродепоси ҳудудида чап ва ўнг таянч деворларини ўрнатиш бўйича 21 550 м3 ҳажмдаги ер ишларини якунига етказишди. Айни пайтга қадар бу ерда дастлабки рельслар ётқизиш ишлари бошлаб юборилди. «Тошкент ҳалқа йўли» бекатидан «Сергели» бекатига қадар қарийб 600 метрга яқин рельслар ётқизилди. Ушбу йўналишнинг туннель қисми Тошкент метрополитенининг Чилонзор йўналишидаги «Олмазор» ер ости бекатига уланди ва туннелни қайта кўмиш ишлари якунланиб, асфальт қопламаси тикланди. Эътиборлиси «Чош-тепа» бекати янги линиянинг дастлабки эстакада шаклидаги бекати бўлади.

Ундан кейин эса «Тошкент ҳалқа йўли» бекати келади. Бу ерда ҳам таянч устунларга ҳамда эскалатор ўрнатиш учун пойдеворлар, ғишт териш, ташқи фасадни мармар билан қоплаш, электр ёритиш учун симлар ётқизиш ишлари якунланиб, ҳозирги кунда бекатнинг ички безак ишлари сўнгги босқичда амалга оширилмоқда. Бекат томининг металл конструкцияларини ўрнатиш ишлари якунланди. Лойиҳа бўйича жами 34 та металл ферма ўрнатилди. Бекатнинг платформа қисмини бетонлаш ишлари ҳам тўлиқ якунланиб, ички пардозлаш ишлари давом этмоқда. Перронларга мармар плиталар ётқизилмоқда.

«Сергели» бекатида эса пойдевор қуйиш учун қазиш, ғишт териш ва эскалатор пойдеворини қуйиш ишлари тўлиқ якунланган. Бекат металл томининг 770,6 м2 қисмини ўрнатиш ишлари тамомланди. Ҳозирги кунда бекатнинг ички ва ташқи деворларини пардозлаш ишлари учун тайёр холга келтирилган.

«Афросиёб» ва «Қипчоқ» бекатларида бино пойдеворларини қазиш ва бетон қуйиш, бекатларда ташқи ва ички оралиқ деворларига ғишт териш ишлари якунланиб, сувоқ ишлари 100 фоиз тугатилди. Бундан ташқари «Афросиёб» бекатининг платформа қисмига 100 фоиз оралиқ темир-бетон балкалари ўрнатилди. Сергели линиясининг лойиҳа сметаси ҳужжатларида кўрсатилган жами 1 минг 686 дона темир-бетон балканинг 64,4 фоизи ёки 1 минг 86 донаси, 254 дона таянч устун ригелининг 86,6 фоизи ёки 220 донаси ўрнатилиб, 265 дона таянч устунларининг 83,0 фоизи ёки 220 донаси (опора) ҳамда 580м туннель қисмида қурилиш ишлари якунланди.

Барпо этилаётган барча ер усти метро бекатларида замонавий техникалардан, сифатли қурилиш материалларидан фойдаланилмоқда. Хусусан, имконияти чекланган йўловчилар учун ҳам бекатлар платформасида хавфсиз тактил плиткалар ётқизилиши ҳамда йўловчиларнинг платформаларга кўтарилиши учун замонавий лифт ва эскалатор, хавфсизликни таъминлаш мақсадида бекатларда замонавий видеокузатув ускуналари, IT русумдаги замонавий турникетлар ҳамда электр тежайдиган ёритиш чироқлари ўрнатилади. Мобил алоқа ускуналари ҳам электр қувватлагичлар билан жиҳозланади.