Сергелидаги қурилиш объектида оммавий муштлашув юз берди (видео)

Сергелидаги қурилиш объектида оммавий муштлашув юз берди (видео)

Тошкентнинг Сергели туманида жойлашган Янги Чоштепа даҳасида олиб борилаётган қурилиш ишлари ҳудудида қурувчилар ўртасида оммавий муштлашув содир бўлди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, жанжал 16 июль куни соат 19:09 ларда 28 ёшли қашқадарёлик Ў.М. ва андижонлик 30 ёшли М.К. ўртасида қурилиш асбоблари сабабли юзага келган. Шундан сўнг жанжалга бошқа ишчилар ҳам қўшилган.

«Ҳозирги вақтда уларнинг шахслари аниқланмоқда. Келишмовчилик натижасида ҳеч кимга тан жароҳати етмаган. Шу билан бирга, ҳодиса тафсилотларини аниқлаш учун Сергели тумани ИИО ФМБ томонидан тергов олди текшируви ўтказилмоқда. Текширув натижасига кўра, ҳодисанинг барча иштирокчиларининг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади. Қурилиш объекти ишчилари билан профилактик суҳбат ўтказилди», — дейилади хабарда.