Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш тартиблари такомиллаштирилади

Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш тартиблари такомиллаштирилади

“Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш тартиботларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ҳуқумат қарори (579-сон, 17.09.2021 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 октябрдан шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизасини амалга оширишда:

  • шаҳарсозлик ҳужжатлари “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими орқали кўриб чиқилади;
    давлат маблағлари, давлат кафолатига олинган ташқи инвестиция маблағлари ҳисобига амалга ошириладиган ишларнинг лойиҳа ҳужжатлари “Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси” ДУК ёки унинг ҳудудий филиаллари томонидан кўриб чиқилади;
  • бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган объектлар лойиҳа ҳужжатлари аккредитация қилинган юридик шахслар, “Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси” ДУК ёки унинг ҳудудий филиаллари томонидан кўриб чиқилади;
  • ижобий экспертиза хулосалари “Экспертиза хулосаларининг ягона реестри”га киритилган тақдирда ҳақиқий деб тан олинади;
  • экспертизадан ўтказганлик учун хизматлар ҳақини табақалаштирилган тартибда ҳисоблаш тизими жорий этилади;
  • лойиҳа ҳужжатларини кўриб чиқувчи эксперт – мутахассисларни аттестациядан ўтказиш ва уларни сертификатлаш тизими йўлга қўйилади.

Қарор билан Объектларни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш бўйича шаҳарсозлик ва лойиҳа ҳужжатларининг лойиҳавий ечимларини шаҳарсозлик ҳужжатларига мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, қуйидаги объектларнинг лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш мажбурий эмас:

▪️ мавсумий ишлар учун вақтинча ва маиший бинолар;
▪️ 300 куб метрдан ортиқ бўлмаган алоҳида қурилаётган кичик ҳажмдаги объектлар;
▪️ икки қаватдан юқори бўлмаган (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда) баландлиги ер юзидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлмаган якка тартибдаги уй-жойлар;
▪️ жорий таъмирланадиган бинолар, иншоотлар.