Шаҳрисабздаги Оқсарой мажмуасига кириш пулли бўлдими?

Шаҳрисабздаги Оқсарой мажмуасига кириш пулли бўлдими?

Ижтимоий тармоқларда «Оқсарой мажмуаси»га кириш учун пул талаб қилинаётгани, бу пуллар қонуний асосда олинаётганига шубҳа уйғонаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. «Шаҳрисабз» давлат музей-қўриқхонаси бош директори Наби Хушвақов бу масалага ойдинлик киритиб, жумладан шундай деди:

- Биринчидан, бу бутун дунёда мавжуд бўлган тартибот. Самарқанд, Хива, Бухорoга борсангиз ҳам ҳар битта тарихий ёдгорлик музей-қўриқхона таркибига кирган ва албатта, пуллик хизмат кўрсатилади. Бизда ҳам шундай - саёҳатчилардан тушган пулнинг 50 фоизи Республика маданий мерос депaртаментига кетади, қолган 50 фоизи тарихий маданий мерос объектларини таъмирлаш учун музей-қўриқхона ҳисобрақамида қолади. Бирор сўмини ҳам музей ходимига мукофот тарзида ёки ойлик маошига устама тарзида қўшиб бериб бўлмайди. Мумкин эмас, молиявий интизом бузилган бўлади.

Биз ҳам худди мана шундай республикадаги бошқа давлат музей- қўриқхоналари каби ишлаяпмиз. Ўзингиз ўйлаб кўринг, Самарқанддаги Регистон, Бибихоним мақбараси ёки Гўри Амир даҳмасига бепул кириб бўлмайдику!

Яна бир бор таъкидлайман, бизда фақат музей-қўриқхонага кириш учун пул тўланади, бу пул эвазига экскурция хизмати кўрсатилади. Масалан, битта гуруҳ 3 кишидан 15 кишигача бўлиши мумкин, шундай гуруҳга 45 минутлик маданий сервис хизмати кўрсатиш нархи 10 минг сўм. Бу 10 минг сўм музей ходими чўнтагига тушмайди, у кассага тўланиб, музей ҳисоб- рақамига тушади ва моддий техника базасини мустаҳкамлаш учун сарфланади. Бундан ташқари бизда ҳар ойнинг биринчи якшанбасида барча фуқаролар учун музей-қўриқхонага кириш бепул. Талабалар ва ўқувчилар 2000 сўм, катталар 3000 сўм тўлашади, холос. Чет эллик фуқаролар 3 АҚШ доллари тўлашади.

Яна бир изоҳ: Самарқанд дарвозасидан кириш жойида келин -куёвлардан Шаҳрисабз ободонлаштириш депaртаменти 152 минг сўм пул олади. Рости, мен улар бу пулларни нима учун олишининг сабабини билмайман, Одатда бундай объектларга маданий сервис хизмати кўрсатилиши учун пул олинади. Шаҳрисабз ободонлаштириш депaртаменти қанақа маданий сервис хизмати кўрсатаяпти, буни ҳам билмайман. Чунки у бизга алоқадор ташкилот эмас, Маданият вазирлигига қарамайди. Ана шу ҳолат ҳам саёҳатчиларни чалғитаяпти.

Маълумот учун, 2019 йилда Президентимиз ташаббуси билан музей Шаҳрисабз давлат музей қўриқхонасига айлантирилди, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 мартдаги «Моддий маданий мерос объектлари ва ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар муҳофазасини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан шаҳар ҳудудидаги ЮНEСКО рўйхатига кирган 220 гектар қалъанинг ичи, тарихий ҳудуди ва унинг 82 гектарлик муҳофаза ҳудуди жами 300 гектардан зиёд тарихий ҳудуд, «Шаҳрисабз» музей-қўриқхона тасарруфига оператив бошқарув ҳуқуқи билан ўтказиб берилди.